Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди.

Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.