Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган анжуман 2022 йилда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда Президентимизнинг жорий йил 1 март куни қабул қилинган сув хўжалиги соҳасига доир қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида бу йил сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган. Бунда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 млрд. м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 млрд. м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган. Ва албатта, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни суғориш учун ҳам сув етказиб берилиши таъминланади.
Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Президентимизнинг 2022 йил 1 мартда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан бу борада янги тартиблар белгиланди.
Қарорга биноан, жорий йилда сув тежайдиган технологияларни йирик сув узатиш ва сув чиқариш тармоқларининг бош қисмида, «бир канал – бир тизим» тамойили асосида 230 минг гектарда, шу жумладан, 160 минг гектар майдонда – томчилатиб суғориш, 28 минг гектар майдонда – ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ҳамда 218 минг гектар экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилди. Ҳозирда жами 2 140 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг 68,2 минг гектар майдонида, жумладан, 1 697 та талабгорнинг 58,0 минг гектар майдонида томчилатиб суғориш, 443 та талабгорнинг 10,2 минг гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш саноати кенгайиб, уларнинг сони 45 тага етказилди. Бу эса, бутловчи қисмларнинг таннархини хориждан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15–20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5–7 млн. сўмга арзонлаштириш имконини бермоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида «Томчи-реестр» ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Бугунги кунда 190 дан ортиқ корхона ушбу платформага тегишли ҳужжатларни онлайн шаклда киритган.
Шунингдек, субсидиялар бериш юзасидан тегишли материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишишнинг “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими жорий этилиб, амалиётга татбиқ этилди. 2022 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилган ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ушбу тизим орқали ажратилади. Президентимизнинг жорий йил 1 март куни қабул қилинган «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳага доир энг долзарб масалалар ечимини топган муҳим ҳужжат бўлди.
Қарор билан сув ресурсларини қуйи бўғингача Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан етказиб берилиши белгилаб берилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда туман ирригация бўлимлари таркибида, туман ирригация бўлимлари мавжуд бўлмаган туманларда ирригация тизими бошқармаси таркибида жами 160 та юридик шахс мақомига эга бўлмаган хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилди. Айни пайтда махсус хизмат билан сув истеъмолчиси ўртасида сув етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун тўланадиган маблағлари кўрсатилган ҳолда шартнома тузиш ишлари якунланиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича бир ҳафта муддатда алоҳида дастур қабул қилинишини маълум қилди. Сув хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 октябрга қадар 4,5 минг км суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 км қисмини бетонлаш, 3 мингта гидротехник иншоотни таъмирлаш, 3,5 мингта насос ўрнатиш, 490 км насос қувурларини таъмирлаш ва 281 та қудуқ қазишни таъминлаш топширилди. Ушбу мақсадлар учун 300 млрд. сўм маблағ босқичма-босқич ажратилади.