—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги  “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Мазкур вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида тузилмасида коррупцияга қарши ички назорат тизими жорий этилиши лозим бўлган 100 дан ортиқ вазирлик ва идораларда, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилди.  

Ҳозирда тузилмасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилаётган вазирлик ва идораларга ҳамда ҳокимликларга тузилма фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни зарурий маълумотлар билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Агентлик директорининг 2021 йил 6 сентябрдаги буйруғи билан “Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.

Айтиш жоизки, мазкур низом бугунги кунда ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос ва қўлланма вазифасини бажармоқда. Шунингдек, Агентлик масъул ходимлари Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбар лавозимларига ишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган очиқ танловларда иштирок этиб, жараёнларнинг очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаб келмоқда.

Агентлик томонидан вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда замонавий механизмларни жорий этишга кўмаклашиш мақсадида халқаро стандартлар асосида 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилди.

Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида ушбу тузилмалар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарорга асосан, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш  тизимини самарали йўлга қўйилганлик ҳолатини баҳолайдиган тизим ишга туширилиши кўзда тутилган.