Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан тасдиқланган қўшма қарор билан мазкур дастурни амалга оширишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари, масъул ташкилотларнинг вазифалари, танловни ўтказиш босқичлари, иштирокчиларни баҳолаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш тартиби белгиланди.

Дастурнинг асосий мақсади — китобхонликни кенг оммалаштириш, ўқувчиларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш ва уларнинг китоб ўқиш орқали билим ҳамда интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришдан иборат.

“Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури умумтаълим мактабларининг 1–11-синф ўқувчиларини қамраб олади. Танлов иштирокчилари ёши ва синфига қараб учта гуруҳга ажратилади:

1–5-синф ўқувчилари;

6–8-синф ўқувчилари;

9–11-синф ўқувчилари.

Ҳар бир ёш тоифаси учун алоҳида адабиётлар рўйхати шакллантирилган. Унда ўзбек ва жаҳон адабиётининг болалар ҳамда ўсмирлар учун мўлжалланган асарлари, бадиий китоблар, тарихий ва маънавий-маърифий мазмундаги асарлар ўрин олган.

Танлов учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати қўшма қарорга илова қилинган бўлиб, иштирокчиларнинг мутолаа жараёни айнан шу рўйхат асосида ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ, дастур доирасидаги танлов электрон платформа орқали ташкил этилади. Унда иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг китобхонлик савиясини баҳолаш, танлов босқичларини ўтказиш ва натижаларини шакллантириш назарда тутилган.

Танлов жараёни бир неча босқичдан иборат бўлиб, иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари босқичма-босқич аниқланади.

Дастлабки саралаш жараёнларида ўқувчиларнинг тавсия этилган адабиётларни ўқигани, асарлар мазмунини тушуниши ва улар юзасидан саволларга жавоб бера олиши баҳоланади. Кейинги босқичларда эса иштирокчиларнинг мутолаа натижаларини мустақил таҳлил қилиш, фикрини асослаш, оғзаки нутқ ва ижодий қобилиятларини намоён этишига эътибор қаратилади.

Танловда иштирокчиларнинг натижалари белгиланган мезонлар асосида баҳоланади. Шунингдек, баҳолаш жараёнини ташкил этиш ва натижаларни кўриб чиқиш учун тегишли комиссиялар фаолияти йўлга қўйилади.

Дастурда китоб ўқиш билан бир қаторда ўқувчиларнинг асарлар мазмунини англаш, таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ва ўз қарашларини эркин ифодалаш кўникмаларини баҳолашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Қарорда танловнинг тегишли босқичларида тест синовлари, ижодий ишлар ва оғзаки суҳбатлар ўтказиш тартиби назарда тутилган.

Жумладан, тест синовлари иштирокчиларнинг тавсия этилган адабиётлар бўйича билимларини аниқлашга хизмат қилади. Ижодий ишлар орқали ўқувчиларнинг асар мазмунини тушуниши, мустақил фикри, ижодий маҳорати ва тил қоидаларига амал қилиши баҳоланади. Оғзаки суҳбатларда эса уларнинг китоблар ҳақидаги фикрлари, асарларни таҳлил қилиш қобилияти ва нутқ маданиятига эътибор қаратилади.

Шу тариқа, танловда фақат ўқилган китоблар сони эмас, балки уларнинг мазмунини қай даражада англаш ва ўзлаштириш, асарлар юзасидан мустақил хулоса ва фикр билдириш кўникмалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Қўшма қарорда танлов ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш механизмлари ҳам белгилаб берилган.

1–5-синф ўқувчилари туман босқичига қадар сараланади. Ушбу тоифадаги ғолибларни қимматбаҳо совғаларва диплом билан тақдирлаш назарда тутилган.

6–8-синф ҳамда 9–11-синф ўқувчилари ўртасида танловнинг туман ва вилоят босқичлари ўтказилади. Республика босқичида эса ҳар бир ёш тоифаси бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари аниқланади.

Республика босқичи ғолиблари учун пул мукофотлари ва дипломлар белгиланган. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича биринчи ўрин соҳибига 50 минг АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳибига 30 минг АҚШ доллари, учинчи ўрин соҳибига эса 15 минг АҚШ доллари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом топширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолибларни тақдирлаш назарда тутилган. Жумладан, “Энг фаол ўқитувчи”, “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон оила”, “Мақсадга интилувчанлик намунаси” ва “Махсус эътироф” номинациялари бўйича ғолибларга 10 минг АҚШ доллари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом бериш белгиланган.

Танлов натижалари бўйича берилган эътирозларни кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси фаолияти ҳам назарда тутилган. Белгиланган тартибга кўра, иштирокчилар танлов натижалари эълон қилинганидан кейин 15 кун ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. Комиссия шикоятларни белгиланган тартибда кўриб чиқади.

“Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури китоб мутолаасини ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш, бадиий адабиётга қизиқишни кучайтириш ва китобхонлик маданиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.