Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги Давлат меҳнат инспекция томонидан меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2022 йилнинг 3 ойи давомида 5 972 та корхоналарда назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, ушбу тадбирлар давомида 11 315 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга 1 929 та ёзма кўрсатмалар ва 936 та тақдимномалар киритилди. 2 483 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 4864,6 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

 Аниқланган қонун бузилишларнинг 3 626 таси меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ. Жумладан, 629 та (17 фоиз) ҳолатда ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги йўл йўриқларидан ўтказилмасдан ишлашига рухсат берилган, 580 та (15 фоиз) корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш ташкил этилмаган, 315 та (8 фоиз) ҳолатда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ва режалар ишлаб чиқилмаган, 200 та (5,5 фоиз) корхоналарда ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмаган, 184 та (5 фоиз) ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилмаган, 173 та (4,7 фоиз) ҳолатда ходимлар махсус кийимлар билан таъминланмаган, меҳнат шароитлари аттестациядан ўтказилиши мажбурий бўлган 144 та (3,9 фоиз) корхоналар ушбу аттестацияни ўтказмаган.

 Мазкур меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги натижасида бахтсиз ҳодисалар содир этилиши ва касб касалликлари кўпайиб бормоқда. Жумладан, Республика бўйича жорий йилнинг 3 ойи давомида ишлаб чиқаришда юз берган 132 та бахтсиз ҳодисалар белгиланган тартибда махсус текширилди, шулардан 26 таси (19 фоизи) ўлим билан тугаган, 97 таси (73 фоизи) оқибати оғир ва 9 таси (6,8 фоизи) гурухий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этди. Юз берган бахтсиз ҳодисалар натижасида 42 нафар ходим ҳалок бўлган, 104 нафар ходим оғир тан жароҳати ва 4 нафари енгил тан жароҳати олган.

Ушбу бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 776 та аниқланган камчиликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 115 та ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 110 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 223 млн. сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.