Ўзгидромет берган маълумотларда қайд этилишича, июнь ойида ўртача ҳаво ҳарорати майга нисбатан 4–5 даража, чўл ҳудудларда эса 6–7 даража юқори бўлади. Кейинги йилларда мамлакат бўйлаб июнь ойидаги ўртача ҳарорат барқарор ўсиб бормоқда.
2026 йил июнининг дастлабки кунларида об-ҳаво нисбатан беқарор бўлиши кутилмоқда. 1–3 июнь кунлари айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлиги 15–20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечалари 15–20°, кундузи 30–35° атрофида бўлади.
Ойнинг кейинги қисмида ҳарорат босқичма-босқич кўтарилиб, кундузи 34–39° гача, айрим кунлари шимол, жануб ва чўл ҳудудларда 40–42° гача етиши мумкин.
Ўзгидромет дастлабки баҳосига кўра, 2026 йил ёзи умумий ҳисобда меъёрдан бироз иссиқроқ бўлиши тахмин қилинмоқда. Ёз ўрталарида айрим кунлари ҳаво ҳарорати 42–44° гача, айрим ҳудудларда эса 45–47° гача кўтарилиши мумкин.
Мутахассислар, шунингдек, июнь ойида ёғингарчилик камайиши, айрим жойларда кучли жала ёмғир ва шамол кузатилиши мумкинлигини ҳам билдирмоқда.