Бу ҳақда Россия олимпия қўмитасининг собиқ раҳбари, ҳозирда ташкилотнинг фахрий президенти бўлиб ишлаб келаётган Леонид Тягачёв журналистларга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари 2032 йилги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун ҳамкорликда Халқаро олимпия қўмитасига талабнома киритиши мумкин. Бугун дунёнинг камдан кам давлатларида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидагидек спорт инфратузилмаси бор.
Олимпия ўйинлари учун Россия ҳар тарафлама муносиб, барча қулайликларга эга ва ишончли майдон. Халқаро спорт ташкилотларининг раҳбарлари учун ҳам, шахсан ХОҚ президенти Томас Бах учун ҳам Россия энг маъқул номзод бўлишига шубҳа йўқ.
Футбол бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ҳамда бошқа қатор халқаро спорт тадбирлари орқали дунё ҳамжамияти Россиянинг бу борадаги имкониятлари қай даражада юқори эканлигини билади ва қадрлайди.
Демак, Олимпиада-2032 номзодлари сафига яқин келажакда Россия ҳам қўшилиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Маълумки, ҳозирча ҳар тўрт йилликнинг энг катта спорт тантанасига Австралия, Индонезия, Ҳиндистон, Қатар ва Германия давлатлари мезбонлик қилишни ният қилиб туришибди. Лекин ҳали ҳеч бир мамлакат Халқаро олимпия қўмитасига расмий даъвогарлик аризасини топширганича йўқ.
Тўлқин РЎЗИЕВ.