Маҳалла — узоқ ўтмиш, маҳалла — бугун, маҳалла — келажак. Бу ҳалқа ҳаёт давомийлиги асосини таъминлаб келади. Айниқса, минг-минг йиллардан буён кокилини икки дарё ювиб келган бизнинг заминда шундай.
Боболаримиз маҳаллага эш бўлиб, эл дардини англаб ўтди, бугун биз шу муҳитда яшаб, фарзандларимизни элга қўшиш ниятидамиз. Қитъалараро масофа аҳамият касб этмай қолган, янгидан янги маданиятлар урчиб бораётган глобаллашув даврида эртага невараларимиз бу қутлуғ анъанани давом эттирармикан?
Қизиқ. Бир қарашда бу саволга жавоб мушкул, лекин Ўзбекистондаги маҳалла тизими ислоҳотлари бизни қаён чорлашини англаш мумкин.
Ўзгаришлар силсиласида...
Ўзбекистондаги олимлар “маҳалла инсонни жамият билан уйғун яшашга ўргатадиган, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, дўстлик, ҳамкорлик ришталарини қарор топтиришга, инсон камолоти ва жамият ривожини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим восита сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ”, деган хулосада. Журналист сифатида тизимдаги ислоҳотларни шарҳлаб қарагач, уларнинг фикри асосли эканига яна бир бор амин бўлдик.
Аввало, таъкидлаш жоизки, янги Ўзбекистон маҳаллаларининг ташқи манзараси ҳам, ички шакл-шамойили, одамлар дунёқараши ҳам тубдан ўзгарган — фаровонлик, ободлик, улуғворлик касб этган. Бу йўлдаги чора-тадбирлар беш йил олдин 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бошланган эди.
Стратегиянинг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланган биринчи устувор йўналишида тизимга доир бешта муҳим вазифа қўйилганди:
— халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий қилиш;
— жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш;
— фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш;
— маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш.
Бу вазифалар бажарилди ва бугун биз юқорида лўнда таъриф берган янги Ўзбекистон маҳаллалари бўй кўрсатди.
Аслида нималар ўзгарди? Биз мана шу ўзгаришларни шарҳлашга ҳаракат қилдик.
БИРИНЧИ ЎЗГАРИШ: халқ билан самарали мулоқот йўлга қўйилди. Одамлар дардини эшитадиган тизим яратилди.
Дард инсонни ичдан кемиради, адойи тамом қилади. Айниқса, уни эшитар киши бўлмаса. Муаммо — дард. Халқимиз узоқ йиллар катта-кичик муаммолар гирдобида яшаб келди. Одамларнинг дарди бир ёну маҳалла бошқаруви тизимининг ўзи катта муаммоларга ғарқ бўлганди.
Янги тизим — Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари ишга тушиши билан одамлар ва маҳаллалардаги муаммоларга тизимли ечим топила бошланди. Бир сўз билан айтганда, 2017 йилдан муаммоларга ечим топишнинг ҳаётбахш тизими йўлга қўйилди.
2017–2021 йилда Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналарига 5,7 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти маҳалла билан боғлиқ эди. Бу мурожаатларнинг деярли барчасини маҳалланинг ўзида ҳал қилса бўларди. Лекин нимага шундай бўлмади? Чунки одамлар маҳалла раиси-ю идора ишига ишонмай қўйганди. Чунки бу тизим амалда паймол эди. Ҳа, ишлашни истаса ҳам ҳуқуқий асос йўқ эди. Шу боис, одамлар ўз муаммолари, орзуларини Президент қабулхоналарига етказа бошлади.
НАТИЖА: мурожаатлар тизимли таҳлил қилиниб, одамлар ҳаётда бугун яхши яшаши учун катта ислоҳотлар бошланди. Қонунчилик, ҳуқуқий асослар тубдан қайта ишлаб чиқилди, янги фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ҳар бирида фуқароларнинг кўп сонли мурожаатларида билдирилган муаммоларга ечим топиш кўзда тутилди. Натижада, бугунга келиб Президент қабулхоналарига маҳалла тизими ёки ҳаётдан норози бўлиб йўлланган мурожаатларни кам учратасиз.
ИККИНЧИ ЎЗГАРИШ: “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳар бир юртдошимиз ҳаётини ўзгартириб юборди.
— “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларининг самарасини бугун ҳар бир инсон ўз ҳаётида яққол ҳис этмоқда, — дейди Хоразм вилояти Янгибозор тумани “Дўстлик” МФЙ раиси Зулфия Қўшоқова. — Бизнинг маҳалламизда ҳам бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Маҳалламизга ичимлик сув тортиб келинди, йўллар таъмирланди, электр таъминоти тизимлари реконструкция қилинди, спорт майдончалари қурилди...
Бугун қайси маҳалла раиси билан суҳбатлашманг, ҳаётдан олиб гапиради. Чунки энди қўрқув йўқ, ишларни қоғоздагина дўндириш замони ўтди. Борини гапириш керак, ҳавойи мақтаниш, ёлғонни дастурхон қилиш фурсати эмас. Бор бўлса — борини, йўқ бўлса — йўғини айтса, ҳаммага фойда.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари узоқ-яқин маҳаллалардаги одамлар ҳаётига мазмун олиб кирди. Мисолни ўзимдан айтаман. Касбимиз тақозоси билан етти-саккиз йил аввал пойтахтдан юзлаб чақирим узоқликдаги маҳаллаларга борганимизда шу кўчалар асфальт бўлади, мактаблар қайта қурилади, қишлоқ болалари ҳам боғчага қатнайди, тоза ичимлик сув келади, хотин-қизларга маҳалланинг ўзида иш ўрни яратилади, деса, рости ишонмасдик. Чунки асосимиз йўқ эди. Бу ҳақда ёзишга ҳам қўрқардик.
Бугунги обод қишлоқлару файзли маҳаллаларга ҳамманинг, ривожланган юрт одамларининг ҳам ҳаваси келади.
Энди сўзни рақамларга берсак: биргина 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7794 фуқаролар йиғинида кенг миқёсли амалий ишлар бажарилди. Жумладан, 15 минг 69 километр электр тармоқлари тортилди. Аҳолига 10 мингга яқин газ баллони тарқатилди. 6555 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 5896 та якка тартибдаги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. 1049 та кўп квартирали уй, 37 минг 95 та якка тартибдаги уй-жой таъмирланди.
НАТИЖА: қишлоқ одамларининг яшаш шароити замонавийлашди. Бир пайтлар тасаввуримизга ҳам сиғмаган кўплаб янгиликлар рўй берди. Масалан, илгари тоза ичимлик сув муаммо бўлган маҳаллаларга энди зилол сув оқади. Замонавий ахборот технологиялари воситасида шундоқ юртимизнинг бир чеккасидаги қишлоқда туриб дунёнинг истаган бурчаги билан истаган пайтда боғланиш, интернет орқали янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин.
УЧИНЧИ ЎЗГАРИШ: ҳамюртларимиз уй-жой билан таъминланди.
Айтиш керакки, ҳар бир инсон, ҳар бир оила тўкис ҳаёт кечириши учун ватан ичра “кичик ватани” — ўз уйи бўлиши керак. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, мамлакатимиз аҳолисини уй-жой билан таъминлаш, арзон ва сифатли уйлар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилди.
Маълумотларга кўра, келгуси беш йилда аҳоли сони 38 миллионга етиши кутилмоқда. Бу рақамлар аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ҳам йил сайин ошиб боришини яққол намоён этади. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб уйлар қурилиши кўлами кенгайтириб борилиши кўзда тутилган. Эндиликда ҳар бир ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади. Келгуси беш йилда уларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланади.
НАТИЖА: халқимизда “уйи борнинг ўйи йўқ”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Бунинг замирида олам-олам маъно мужассам. Ипотека кредитлари туфайли уйли бўлган танишларим билан ҳар гал суҳбатлашганимда буни такрор-такрор ҳис қиламан. Уй-жой ҳақида сўз очилса, ўзининг ҳам, фарзандларининг ҳам кўзида ўт чақнайди. Бу келажакка бўлган умид ва ишонч учқунидир. Шубҳасиз, бу туйғу инсонни камолотга етаклайди, яратиш ва бунёдкорликка ундайди.
ТЎРТИНЧИ ЎЗГАРИШ: чироқ ўчмай қолди, тоғли қишлоқ одамлари ҳам газ ёқа бошлади.
Шундай бўлдики, қишлоқларда одамлар газ баллони нима эканини унутиб қўйди. Фаразандларига бу ҳақда гапиришса, улар музей экспонати сифатида қарашди. Бир акамиз газ баллонини музейга топширсак ҳам бўлар, дея чин-ҳазил маъносида гапирганида, ўкинч билан кулган эдик.
Биз шундай қишлоқ одамларини билардик, улар бир кунда бир-икки соат келадиган токни интиқ кутар, чироқ ёниши билан телефонни қувватлагичга, кийимларни дазмоллашга, қудуқдан сув тортиб олишга, электр билан боғлиқ яна аллақандай ишларни тугатишга киришиб кетарди. Хуллас, чироқ ёндими қишлоқ бир зумда биқирлаб қайнаб тошаётган сув каби ҳаракатга келарди.
Бугун, инсоф билан айтсак, ҳаёт маромига тушган. Чироқ ярим соат ўчиб қолса ҳам ҳайратга тушадиган бўлдик. Олис тоғ қишлоқларига суюлтирилган газ узлуксиз етказилиб турибди.
НАТИЖА: одамларда “бўлар эканку”, деган миннатдорлик ҳисси уйғонди. Эриш туюлмасин-у лекин яқин йилларгача ой шуъласида ёки шам ёғдусида дарс қилишга улгуриб-улгурмай юрган қишлоқ болалари кейинги йилларда замонавий технологиялар сирини эгаллашга киришди. Ўтин ёраман, деб қўл қабарган замонлар ортда қолди. Қишлоқ уйларида ҳам замонавий иситгичлар, музлатгичлар ишлай бошлади. Бундан, айниқса, аёллар хурсанд.
БЕШИНЧИ ЎЗГАРИШ: одамларнинг оёғи лойдан халос бўлди.
Бунда ҳаётбахш ташаббус — “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг муҳим ўрни бор. Жумладан, ушбу дастурлар доирасида 5183 километр ички йўллар асфальт, бетон қилинди, 4896 километр йўлларга шағал ётқизилди. Мамлакат бўйича 168 та кўприк таъмирланди, айримлари янгидан қурилди.
Жорий йилда эса, бу борадаги ишлар янада қизғин давом этади. Олдимизга катта мақсад қўйилган — одамларнинг оёғи лойдан халос бўлсин. Шу мақсадда 5113,2 километр ички йўллар таъмирланиши кўзда тутилган. Бунинг учун 2 триллион сўм маблағ ажратилади.
НАТИЖА: замонавий асфальт қопланган равон йўллар узоқни яқин, оғирни енгил қилмоқда. Хоҳ пиёда, хоҳ транспортда юрилса, илгари соатлаб вақт оладиган манзиллар бир қадам бўлиб қолди. Шаррос ёмғир ёки қор ёғаётганда ҳам теп-текис, равон йўлларда қатнов тинмайди. Одамлар кўчаларни тўлдириб иш, ўқиш, орзу-мақсадлари сари шошилади. Йўлларда ҳеч ким қоқилмайди, йиқилмайди, оёқ кийимига ғубор қўнмайди. “Инсон қадри”, дегани шу эмасми аслида?!
ОЛТИНЧИ ЎЗГАРИШ: ишсизликка барҳам берила бошланди, камбағалликни тугатишга киришилди.
Ўтган йили маҳаллаларда тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 1 миллион 200 мингдан кўпроқ аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Маҳалла кўмаги билан 900 мингга яқин ишсиз фуқаро тадбиркорга айланди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида 194 минг 500 дан зиёд фуқарога кредит олишда кўмаклашилди. Минглаб йигит-қиз “устоз-шогирд” анъанаси асосида уста-ҳунармандларга бириктирилди. “Темир дафтар”га киритилган аҳоли оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларда ишлай бошлади.
“Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, “Ёшлар дафтари” орқали йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш борасида самарали натижаларга эришилмоқда.
НАТИЖА: юртимизда бу борада амалга оширилаётган фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш натижасида ўтган йили мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсди. Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.
ЕТТИНЧИ ЎЗГАРИШ: тадбиркорлик муҳити эркинлашди.
Тадбиркори бор, тадбиркори бой маҳалла одамлари ҳам яхши яшайди. Сабаби, маҳалла шундай даргоҳки, бу ерда униб-ўсган, катта мақсадларига эришиб, мўмай даромад топаётган кимки бор, қўшнисига бирон нафи тегади. Ҳеч бўлмаса янги иш ўрини яратилиб, аёлу ёшлар пул топади бошлайди.
Шу маънода, Президентимиз эътиборидаги доимий мавзу, бу — тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, эркинлаштириш. Авваллари қайсидир маҳаллага чет эллик инвестор келганини ҳеч эшитганмисиз. Йўқ. Улар Тошкентдан нарига боришга ҳайиқарди. Чунки, эркин, кафолатли муҳит бўлмаган. Бугун энг чекка маҳаллаларда ҳам хорижлик инвесторларни учратасиз. Бир эмас, кўплаб кўрасиз.
НАТИЖА: одамлар ҳаётига файз кириб келди. Аёллар, ёшлар ишли бўлди. Энг муҳими боқимандалик кайфияти ўрнини тадбиркорлик руҳи эгаллади. Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга, фаровон яшашга интилмоқда. Табиийки, халқимиз ҳаёти фаровон экан, мамлакатимиз қудрати ҳам юксалиб борверади.
САККИЗИНЧИ ЎЗГАРИШ: Президентимизнинг ўзи маҳаллаларга кириб, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, орзу-истакларини эшитиш тизимини йўлга қўйди.
Одамлар давлат раҳбарининг жойларга ташрифини интиқ кутадиган бўлди. “Бизнинг маҳаллага қачон келар экан”, деган орзули гапларни ҳам кўп эшитамиз. Чунки, кейинги йилларда Президентимиз қайси вилоятга бормасин, албатта, маҳаллага киради, мактаб, боғчани кўради, оддий одамлар ҳаёти билан қизиқади.
НАТИЖА: Ана шу тизим одамларга катта куч-ғайрат, бугунги ислоҳотлар мазмундорлигига зўр ишонч бағишламоқда. Сабаби, бу каби дилдан, самимий, тайёргарлик кўрилмаган суҳбатларда кутилмаган масалалар кун тартибига чиқади. Тўкис ҳаёт йўқ — ҳар жойда, ҳар вақт муаммо бўлиши табиий. Шундай экан, Президентимизнинг одамлар учрашганида билдирилган фикрлар жамият тараққиёти учун хизмат қилиши фойдадан холи эмас.
ТЎҚҚИЗИНЧИ ЎЗГАРИШ: маҳаллаларга маънавият қайтди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳаллаларда ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган 34 мингдан кўпроқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирларга ўн минглаб кекса авлод вакиллари ҳамда 1 миллиондан ортиқ ёшлар жалб этилди. Уларга 16 минг 102 номдаги китоблар совға қилинди, маҳаллаларда китоб-савдо ярмаркалари ўтказилди.
“Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида нуронийлар тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ва уюшмаган ёшларга маънавий ҳомий сифатида бириктирилди.
НАТИЖА: маҳаллада китобхон ёшлар сони кўпайди. Китоб — эзгулик манбаи. Шу маънода, ҳар бир маҳаллага маънавиятнинг қайтиши ёшларни турли иллатлар таъсиридан асрашга хизмат қилиб, келажак авлодларга ўзлигимизни етказишдек азалий вазифа ўринланмоқда, дейиш мумкин.
ЎНИНЧИ ЎЗГАРИШ: соғлом турмуш тарзи оммалашмоқда.
Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар янада жонланди. Маҳаллаларда “Саломатлик йўлаклари” қурилганининг ўзи катта ислоҳот бўлди. Бугун ҳар биримиз — ёшу қари ўз саломатлигимиз учун қайғурамиз. Чунки ҳаётимиз яхшиланяпти, яшашга иштиёқ кучайган.
Давом этсак, ҳар бир маҳаллада болалар спорт майдончалари ташкил этилиб, янги қурилмалар билан жиҳозланди. Аҳоли орасида жисмоний фаолликни ошириш бўйича тадбирлар мунтазам йўлга қўйилди. Масалан, биргина “Саломатлик учун беш минг қадам” акциясида ўтган йили 4 миллиондан кўпроқ аҳоли иштирок этди.
НАТИЖА: Аҳолининг, жумладан, ёшларнинг жисмоний фаоллиги, спортга қизиқиши ортиб бормоқда. Саломатлик ва узоқ умр кўриш кўрсаткичи яхшиланиб бораётир.
Бугун ҳаётимиздаги ўнта ўзгариш ҳақида айтдик. Бу умуммиллий аҳамиятли ислоҳотлар эди. Аслида ҳар бир юртдошимизнинг шахсий ҳаётида ҳам кўп кутилган ўзгаришлар кузатилди: кимдир уйли, кимдир машинали бўлди, яна бир танишимиз тадбиркорликка қўл урди, бошқаси Ҳажга, Умра зиёратига бориб келди, бир қизимиз китобхонлик танловида ғолиб бўлиб отасига машина совға қилди, халқаро фан олимпиадаси ғолиби бўлган ўқувчи ва унинг устози катта пул мукофоти олди...
Хуллас, бу каби ўзгаришларни санаб саноғига етиш қийин.
Маҳаллаларда Тараққиёт стратегияси бошланди
Бугунги кунда мамлакатимизда 9 минг 349 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Бу шунча тараққиёт маскани бор, дегани. Ўйлаб кўрайлик, ҳар бир маҳалла 1 йилда жамият ҳаёти, фуқароларимиз турмуш фаровонлиги йўлида биттадан ташаббусни амалга оширса, Ўзбекистонда бир йилда қарийб 10 мингта янгилик бўй кўрсатади. Энди уларни умумлаштириб, ҳамма маҳаллаларга жорий қилаверсак, бошимиз яхшиликлардан чиқмай қолади. Мана, нима учун Президентимиз маҳаллаларни ривожлантиришга кенг йўл очмоқда?!
Жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, деб эълон қилиниши бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш борасида муҳим вазифалар белгиланди.
Маҳалла раисларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам эътибор кучаймоқда. Эндиликда маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори фаолиятини ҳудудда биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этишга йўналтиради.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадга эришиш йўлида маҳаллаларда бошланган хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, маҳалланинг “фаол модели” яратилмоқда.
Маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ва уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизими яратилмоқда, маҳаллаларга мустақил молиявий имкониятлар берилаётир. Шу билан бирга, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” белгиланиб, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, иш билан таъминлаш асосий устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базаси яратилиб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилинмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2020 йил 2 мартда қабул қилинган “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу йўналишдаги ишлар ривожини янги босқичга кўтарди. Мамлакатимизда ҳар йили 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонланмоқда.
Айтиш керакки, бу сана Наврўз байрами шодиёналарига уланиб кетишида катта рамзий маъно бор. Зеро, Наврўз ва маҳалла фалсафаси аждодларимизнинг кишилик жамияти ривожига қўшган беқиёс улушини намоён этади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири