Вояга етмаган фарзандлари таъминотидан бўйин товлаб, 3 нафар собиқ хотинларидан қочиб юрган шахс Тошкент шаҳридаги савдо маркази кузатув камераси орқали топилди.

Фуқаро Р.Б Чуст туманида яшайди. 2014 йили турмуш ўртоғи Г.Ч билан ажрашиб кетади. Суднинг қарорига кўра, ундирувчи фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент тўлаш белгиланади. Бироқ қарздор “ҳа” деганда фарзанди учун таъминотни вақтида бермай келади. Устига-устига ишсизликни рўкач қилиб, турли баҳоналар орқали алимент тўламай келади. Унга нисбатан вақтинчалик четга чиқиш ҳуқуқлари чекланади.

Секин-секин Тошкент шаҳрига ишлашга бориб, шу орада умуман келмайди. Борган сари алимент қарздорлик ортиб боради ва “беркиниб” юришга тўғри келади. Бу ёғдаги собиқ турмуш ўртоғида қолган бир нафар фарзанди нима еб, нима ичаётгани қизиқтирмас эди. Давлат ижрочиси томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Қарздорга доир барча маълумотлар ички ишлар органларига тақдим этилади.  Яқинда олинган маълумотлар иш бериб, у Тошкент шаҳридаги савдо марказида юргани маълум бўлади. Кузатув камерлари ҳолатни аниқлаштириб, қарздор ҳеч қаерга “қуённи” расмини чиза олмади.

Қарздорнинг зиммасига собиқ 3 нафар хотини — Г.Ч. фойдасига салкам 87 миллион сўм, А.А. фойдасига салкам 78 миллион сўм, Ю.У. фойдасига эса 18 миллион сўм, жами 185 миллион сўм тўлаш юклатилганди.

Тошкент шаҳридан олиб келиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ўтказилган суд жараёнида унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.