Чортоқ шаҳридаги Дилдош маҳалласида яшовчи фуқаро Ёдгор Мирзаев томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатда қайд этилишича, истеъмолчига “Чортоқ Момиқ Қуёнлари” МЧЖ билан 20.11.2020 йил кунги тузилган шартномага кўра, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида   24 миллион сўмлик зотли қуёнлар етказиб берилиши керак эди. Бироқ, шартномада кўрсатилган талаб ҳалигача бажарилмаган.

Ушбу мурожаат ўрганилиши жараёнида Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига аъриза киритилди. Шундан сўнг суд қарорига асосан келтирилган маънавий зарарни ҳам инобатга олиб 24 миллион 500 минг сўм маблағ истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Яна бир мурожаат Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчи томонидан келган бўлиб, унда истеъмолчи 2020 йилнинг сентябрь ойида ўзи яшаб турган ҳудуддаги якка тартибдаги тадбиркор Х.Б.га қарашли савдо дўконидан VESSEN русумли иситиш қозони (котёл)ни уч йиллик кафолат муддати билан 5 миллион 500 минг) сўмга сотиб олиб, мутахассис ёрдамида хонадонига ўрнатган. Лекин шу йилнинг февраль ойларига келиб, яъни орадан беш ой ўтгач иситиш қозонида нуқсонлар кузатила бошлаган. У сотувчига бу борадаги эътирозларини бир неча бор билдирган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини маълум қилган.

Мазкур мурожаат федерация ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида иситиш қозони учун тўланган 5 милион 500 минг сўм маблағ истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.