Мавсумга ўтиш, шунингдек, дунёнинг бир қатор мамлакатларида маҳаллий вақтни қишга ўтказилишини англатади. Шу муносабат билан парвозлар янги жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Бу ҳақида "Uzbekistan Airways" ахборот хизмати маълум қилди

Қайд этилишича, қиш мавсумида Тошкент шаҳридан Дубайга (ҳафтасига 7 марта), Истанбулга эса Тошкент (ҳафтасига 16 марта), Самарқанд (ҳафтасига 4 марта), Фарғона (3 та), Бухоро ва Урганчдан (ҳафтасига 2 маротаба) мунтазам рейс амалга оширилади. Талаб энг юқори бўлган Тошкент — Москва йўналишидаги қатновлар сони ҳафтасига 30 тагача кўпайтирилди.

“Олмаота, Душанбе, Бишкекка парвозлар ҳам мунтазам равишда амалга оширилади. Тошкент — Сеул парвозларига ҳам талаб кам эмас, ушбу йўналиш бўйича қишки жадвалга ҳафтасига 7 та қатнов киритилган. Бундан ташқари, парвозлар Лондонга (ҳафтасига 2 марта), Франкфуртга (ҳафтасига 3 марта), Ригага (ҳафтасига 2 марта) ва энг узоқ парвоз — Нью-Йоркка ҳафтасига уч маротаба амалга оширилади.

“Uzbekistan Airways” қиш мавсумининг биринчи кунидан бошлаб Фарғона—Дубай—Фарғона йўналишида ҳафтасига икки марта парвозларни бошлайди ва 31 октябрдан Тошкентдан Шаржага парвозлар ҳафтасига уч марта амалга оширилади.

Тошкент—Куала-Лумпур—Тошкент йўналиши ҳам 1 ноябрдан бошланади. Авиакомпания, шунингдек, қиш мавсумидан Таиландга парвозларни қайта йўлга қўйишни режалаштирган. Ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Uzbekistan Airways” Самарқанд, Хоразм вилоятини Фарғона водийси билан боғлайдиган республика ичидаги қатновларни кўпайтиришини маълум қилди.