8 июль куни Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан, Агентликнинг чиқиндиларни ҳисобини юритиш ва утилизациясини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Умаржон Абдуллаев иштирокида, фойдаланилган автомашиналарни утилизация қилиш тизими юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун интервю ташкил этилди. Унда жамоатчилик ва блогерлар томонидан йўлланган долзарб саволларга атрофлича жавоб берилди.

Республикамиздаги қарийб 5 миллионга яқин автотранспорт воситаларининг 100 мингтаси носоз ҳолатда бўлиб, улар шаҳарлардаги жами зарарли ташламаларнинг 63 фоизига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, битта эски автомобил утилизация қилинганда унинг вазнига қараб тонналаб металл ва пластикдан ташқари 50 килограммгача хавфли қаттиқ чиқиндилар ҳам ажралиб чиқади. Шу сабабли экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда автомобиль паркини янгилаб бориш мақсадида махсус меъёрий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Кенг жамоатчилик муҳокамалари ва келиб тушган эътирозлар асосида ушбу қонун лойиҳаси тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Энг муҳим янгиликлардан бири шундаки, кўплаб баҳсларга сабаб бўлган мажбурий чора — ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгаларининг ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари ҳажмида экологик компенсация тўлаши ҳақидаги банд лойиҳадан бутунлай чиқариб ташланмоқда.

Ҳукумат маъмурчилик ва мажбурлаш ўрнига, аҳолини иқтисодий рағбатлантирувчи бозор механизмларига эътибор қаратмоқда.

Янги тартибга кўра, мамлакатимизда очиқ ва шаффоф тендерлар асосида бир-биридан мустақил бўлган автомобилларни баҳолаш ҳамда қайта ишлаш корхоналари тармоғи яратилади. Эски автотранспорт воситалари бозор қийматида адолатли баҳоланади, ҳатто ҳаракати чекланган носоз машиналарни ҳам мутахассислар жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказишади.

Автомобиль эгаларига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул тўланади ёки махсус ваучерлар тақдим этилади. Муҳим жиҳати, фуқаролар ушбу ваучерлардан расмий дилерлардан янги автомобил сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланишлари мумкин бўлади. Бунда янги машина нархидан ваучер қиймати чегириб ташланиб, қолган суммани 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга мутлақо фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.

Агарда фуқаро берилган ваучердан фойдаланмасликка қарор қилса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул шаклида қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, жараён асносида баҳоловчи ва автомобил утилизацияси билан шуғулланувчи операторларнинг хизмат кўрсатиш харажатларининг бир қисми белгиланган ҳисоб-китоблар асосида утилизация йиғими маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Ушбу тизимнинг афзаллигини оддий ҳаётий мисолда яққол кўриш мумкин. Ҳозирги амалиётда расмий дилерлардан янги автомобиль сотиб қилиш учун харидор камида 30-50 фоиз олдиндан тўлов қилиши, қолган сумманинг эса 3-5 йил давомида устама фоизлари билан тўланиши талаб этилади.

Масалан, бугунги кунда 165 миллион сўмлик “Cobalt” машинасини харид қилиш учун фуқаро дастлаб камида 50 миллион сўм нақд пул топиши керак. Таклиф этилаётган янги тизим эса айнан шу муаммони ҳал қилади. Айтайлик, фуқаронинг эски “Газ-24”, “Москвич” ёки биринчи авлод “Nexia” русумли автомобили бор. Ушбу машиналарнинг бугунги бозор баҳоси ҳолатига кўра ўртача 5 миллиондан 70 миллион сўмгача баҳоланиши мумкин.

Агар фуқаронинг эски машинаси энг минимал қийматда — 5 миллион сўмга баҳоланган тақдирда ҳам, у 165 миллионлик янги “Cobalt” учун бошланғич тўлов тўламайди ва қолган 160 миллион сўмни 7 йил давомида ҳар ойда 1,9 миллион сўмдан мутлақо фоизсиз тўлаб бориш шарти билан машина эгасига айланиши мумкин.

Борди-ю, эски автомобил яхшироқ сақланган бўлиб, 70 миллион сўмга баҳоланса, янги “Cobalt”нинг қолган қисми учун 7 йил давомида ойлик тўлов 1,13 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур тартиб республикамизда фойдаланилган, эскирган ёки носоз автомобиллардан атроф-муҳитга етиши мумкин бўлган зарарларни камайтиришга ҳамда автотранспорт паркининг тизимли янгиланиб боришига хизмат қилади.

Ушбу лойиҳани ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш жараёни ҳали якунига етгани йўқ. Ҳужжат ижтимоий масалалар билан чамбарчас боғлиқ бўлгани сабабли у республикамиз аҳолиси ҳамда тегишли мутахассислар билан келишилган ва маслаҳатлашилган ҳолда такомиллаштирилади. Шу боис Агентлик жамоатчиликдан таклиф, фикр ва мулоҳазаларни кутиб қолади.