Биринчи ҳолатда, Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 1996 йилда туғилган шахс ва унинг 1999 йилда туғилган самарқандлик таниши пойтахт ҳудудида тўхтатилиб текширилди. Текширув жараёнида уларнинг ёнидан 8 400 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланди.
Шунингдек, улар вақтинчалик омбор сифатида фойдаланиб келаётган Чилонзор туманидаги хонадондан яна 12 600 дона «Регапен», 10 минг дона турли хилдаги, ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлмаган ва қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари топилди. Бундан ташқари, дориларни қадоқлаш учун мўлжалланган 500 дона идиш ҳамда қалбаки дорилар қадоқларига маълумот киритишга мўлжалланган маркерловчи мини-принтер қурилмаси ашёвий далил сифатида олинди.
Иккинчи ҳолатда эса, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 1994 йилда туғилган шахс 6 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситасини 600 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида мазкур дори воситаларини етказиб бериб турган Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳам пойтахт ҳудудида ушланди. Унинг «Трекер» русумли автотранспорт воситасидан 12 400 дона «Зардекс» ва 14 дона «Регапен» процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.