Кимдир хорижда мусофирлик заҳматини ютиб, кимдир юртимизда пешона тери билан меҳнат қилиб, йиллар давомида ўз шахсий уловига эга бўлиш учун пул йиғади. Ҳар не эҳтиёжидан тежаб тўплаган маблағини автомашина хариди учун тўласаю, орзулари саробга айланса... Бундан ёмони йўқ, албатта.

Навоий вилояти Хатирчи туманида истиқомат қилувчи Мардонқул Мавлонов ҳам 2021 йили 25 декабрда Сергели тумани “Янги Сергели” кўчасида жойлашган “Roodell” МЧЖ билан KIA SELTOS автомобили сотиб олиш учун икки томонлама  шартнома тузади ва 339 900 000 сўм пул тўлайди.

Бироқ шартномада кўрсатилган муддат ўтиб кетса ҳамки М.Мавлоновга автомашинаси етказиб берилмаган. Бундан норози бўлган фуқаро “Roodell” МЧЖга ҳар қанча мурожаат қилмасин, эътирозлари жавобсиз қолаверган. У автомашинани ҳам, тўлаган пулини ҳам ололмай сарсон бўлган. Шундан сўнг у истеъмолчи сифатида федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилган.

М.Мавлоновнинг мурожаати ўз вақтида ўрганилиб, федерация ходимлари томонидан “Roodell” МЧЖ мутасаддиларига қонуний тушунтириш ишлари олиб борилди. Истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, автомобиль учун тўлаган  339 900 000 сўм пули қайтариб олиб берилди.

Бугун истеъмолчи федерациядан миннатдор, ҳуқуқи тикланганидан мамнун. Бироқ ўтган вақт давомида унинг йўқотган вақти, тугаган асаби, сароб орзулари жавобини ким беради?!

Гулноза ШАРАФОВА,
журналист