Маълумки, резидентлар ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги қарори талаблари асосида амалга ошириши ҳамда IT Park резиденти фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришдлари шарт.

 Хусусан, IT Park резидентларининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:

 • фақат рўйхатдаги фаолият турларига асосланган бизнес-режада кўрсатиб ўтилган фаолият турларини амалга ошириш;

 • ҳар чоракда, IT Park Дирекциясига ўз фаолияти тўғрисида маълумот тақдим этиш;

 • ҳар йили молиявий-хўжалик фаолияти аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини IT Park Дирекциясига юбориш;

 • резидент IT Park  Дирекцияси билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.

Низом талабларини бажармаган резидентлар IT Park резиденти мақомидан маҳрум этилади, солиқ имтиёзлари эса бекор қилиниб белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлаш мажбуриятлари тикланади. Бундан ташқари, 79 компаниянинг аудиторлик хулосаси Низом талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли хулосани қайта кўриб чиқиш бўйича ҳамда аудиторлик хулосаси белгиланган шаклга мувофиқ тақдим этилмаса IT Park резиденти мақомидан маҳрум этиш бўйича хабарнома юборилди.

Эслатиб ўтамиз, IT Park резиденти мақоми маълум афзалликларни беради.  Хусусан, резидент компаниялар 2028 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек, ижтимоий солиқни тўлашдан озод этилган.  Шу билан бирга, иш ҳақи даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 7,5 фоиз миқдоридаги ягона ставка бўйича солиққа тортилади.

 Бундан ташқари, резидентларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

 • хорижий таъсисчилар учун хорижий валютада дивидендлар тўлаш - 5%;

 • чет эллик ходимларга иш ҳақини хорижий валютада тўлаш;

 • чет эллик мутахассислардан ишлаш учун рухсатнома талаб этилмайди;

•  IT Park Дирекцияси билан тузилган шартномага мувофиқ Виртуал офис хизматидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш;

 • экспорт шартномасисиз экспорт хизматлари;

 • йиллик экспорт ҳажми 20 000 000 АҚШ долларидан ошганда IT Park  резидентларининг ажратмалари 1 фоиздан 0,5 фоизгача пасайтирилади.

 Қайд этиш жоизки, бугунги кунда IT Park резидентлари сони 707 IТ-компанияни ташкил этади.