Фикрларимизни рақамлар билан далилласак. Биринчи инстанция судлари томонидан 2020 йилда 8 нафар, жорий йилнинг шу даврига қадар 5 нафар шахсга оид ишлар юзасидан оқлов ҳукмлари эълон қилинган. Вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан йил бошидан айни пайтга қадар 13 нафар шахс оқланган. Бу амалий ишлар кўп йиллар давомида одамлар онгига сингиб кетган “бирор шахснинг иши судгача етиб бордими, у албатта, жазоланиши керак” деган ақидани бартараф этиб, судлар, адолат борлигига нисбатан ишончини мустаҳкамламоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимдаги беқиёс ўзгаришлар бир пайтлар ноҳақ судланиб, ўз вақтида кўп ва хўп жабр чеккан юртдошларимизда катта умид уйғотаётгани ҳам бор гап. Фурқат Камалов 2015 йили судланиб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судининг ҳукми билан уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
У 2010 йилдан 2014 йил июнь ойига қадар ички ишлар тизимида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Жумладан, унга туман ИИБ қошида ташкил этилган ёрдамчи хўжалиги расмий ҳужжатларига бошқа шахс номи тиркалган бўлса-да, амалда Ф. Камалов номидан юритилганлиги, ёрдамчи хўжалик учун ажратилган 12 гектар ер майдонига давлат буюртмаси бўйича дон экилишини таъминламай, бошқа ижарачиларга вақтинча фойдаланиш учун бериб юборганлиги, улар эса шоли, пиёз, қалампир ва ер ёнғоқ каби экинлар экиб даромад олиб келиши натижасида давлат ва жамоат манфаатларига зарар етказганлиги, ёрдамчи хўжаликка экиладиган дон учун “Қишлоқхўжаликкимё” шўъба корхонасидан олинган минерал ўғитларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлиги каби айбловлар қўйилган.
Ўтган йиллар давомида ўзининг айбсизлигини исботлаш учун бир неча бор судга, жумладан, Олий судга мурожаат қилган. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2021 йил 12 майдаги ажрими билан жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун Фарғона вилоятига юборилган. Ҳайъат суднинг 2015 йилдаги ҳукми билан айбли деб топилган Ф. Камаловга оид ишнинг барча жиҳатларини синчиклаб текшириб, ўрганиб чиқди ва у айбсиз деб топилиб, оқланди. Шунинг баробарида унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини тегишли тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Араз ва гина-кудуратни унутиб, ўзаро келишмовчиликни бартараф этиш, бир-бирини тушуниш, ярашиш халқимизга хос фазилатлардан. Мана шундай яхшиликка ундовчи урф-одатлар судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида ҳам амал қилиняпти. Яъни аксарият ҳолларда ишни кўриб тугатишга асослар мавжуд бўлса, бундай вазиятда судья томонларни яраштириш тарафдори. Шу кунга қадар 2 минг 58 шахсга доир ишлар тарафлар ярашганликлари сабабли кўриб тугатилган.
Шу ўринда яна бир статистик таҳлилга эътибор берсак. Апелляция инстанцияси томонидан 2020 йилда 50 шахс, 2021 йил 9 ойида эса 43 шахс суд залида қамоқдан озод қилинган. Бундан ташқари, кассация инстанцияси томонидан ҳам 9 ой давомида 15 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.
Албатта, инсон зоти хатодан ҳоли эмас. Айниқса, ёшлар орасида билиб-билмай, кўпинча ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйламай жиноят содир этиш ҳоллари учраб туради. Бундай ҳолатда содир этилган қилмишнинг ҳолати ва даражасига қараб, шахсга нисбатан кафолат хатлари асосида енгиллик берилаётгани ҳам қонунчилигимизга хос хусусиятлардан. Вилоят судлари томонидан шахсга нисбатан жазо тайинлашда Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги эътиборга олинмоқда. Ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасини қўллаган ҳолда, 2021 йилнинг биринчи ярми мобайнида 1 минг 309 шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида, аввало, судланувчиларнинг хатосидан хулоса чиқарганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, бундан буён тўғри йўлдан тоймай юришга қатъий интилаётганлиги инобатга олинган.
Жиноят оқибатида етказилган зарар қопланганлиги сабабли қонунда белгиланган қатъий нормага мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган шахслар хусусида ҳам айни фикрни таъкидлаш ўринли. Хусусан, 6 ойида 389 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ҳамда озодликни чеклаш жазоси ўрнига бошқа енгилроқ жазо тайинланган бўлиб, бу ҳам қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигидан далолат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”, деб белгиланган. Шундан келиб чиқилса, кейинги йилларда судларга мурожаат қилганлар кескин ошганлигини, аввало, одамларда судга бўлган ишончнинг ортиб бораётганлиги билан боғлиқ, дейиш мумкин. Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилнинг 8 ойида 22 минг 749 та иш кўрилиб, 78,1 фоиз даъво аризалар қаноатлантирилганлиги фикримизни тасдиқлайди.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Фарғона вилоят суди раиси