Нишон туманининг “Гулзор” МФЙ да яшовчи Феруза Рўзиеванинг жисмонан имкониятлари чекланган, юришда қийналади. Унинг турмуш ўртоғи ҳам узоқ йиллардан буён дард билан курашади. Яқинда ана шу оиланинг умумий шароитлари ҳисобга олиниб, имтиёзли тарзда яшаш хонадони берилди. Айни кунларда оила аъзоларининг қувончи чексиз. Бироқ янги хонадонни расмийлаштиришда кадастр масалалари ўртага чиқди. Ҳужжатлар “гапирадиган” замонда эса бусиз жуда қийин. Ҳайриятки, ўзлари боришга қийналадиган бу оилага Нишон туман Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди. “Ўзимиз келдик” акцияси доирасида давлат хизматчилари Феруза Рўзиеванинг хонадонида бўлишиб, кадастр хужжатларини расмийлаштирди.

—  Бир танишимнинг маслаҳати билан давлат хизматларига телефон орқали мурожаат қилдим, — дейди Феруза Рўзиева. — Ўзим эса юришда қийналаман. Бировнинг ёрдамисиз бирор ёққа чиқишим жуда қийин. Барака топишсин. Бир луқма телефон қўнғироғи билан жуда тез фурсатларда етиб келишди. Унинг устига 50 фоизли чегирма имкониятларидан фойдаландим.

Президентимизнинг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади.  Фуқаро Феруза Рўзиевага ҳам ана шундай имкониятлар тақдим этилди, деб хабар беради Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати.