Инсон ўз касбини яхши кўрса, ҳалол меҳнат қилса, бу меҳнат ўз баҳосини, қадрини топади. Тошкент давлат университети тарих факультетини битириб, Фанлар академияси Тарих институтига келганимга, мана, ўттиз беш йил бўлибди. Бу йиллар орасида бор салоҳиятимни юртимизнинг ҳақиқий тарихини ўрганишга, тадқиқотларим натижасини халқимизга етказишга ҳаракат қилдим. Зеро, биз – тарихчиларнинг асосий вазифамиз ҳам шу.

Зиммамизда халқимизга тегишли катта қарзимиз — энг қадимги даврлардан бошлаб бугунга қадар юртимиз тарихини янги, чуқурроқ ўрганилган ва холис ёзилган нашрини тақдим этишдек вазифа турибди. Бундан олдинги Ўзбекистон тарихига оид адабиётлар собиқ иттифоқ даврида нашр этилган эди. Табиийки, уларда кўплаб тарихий хатолар учрайди. Уч-тўрт йилдан бери институтимиз директори, профессор Азамат Зиё раҳбарлигида ўн жилддан иборат академик нашр устида катта тадқиқот олиб борилмоқда.

...Ўша куни мен Бухоро сафаридан қайтган эдим. Эллик мингдан ортиқ китоб сақланадиган шахсий кутубхонам бор, у ер қайсидир маънода менинг ишхонам. Йиғилиб қолган вазифалар мавжудлиги сабаб ярим тунгача вақтни кутубхонада ўтказдим. Камтарона хизматимизнинг давлатимиз томонидан эътироф этилиши кўнглимни кўтарди. Қўнғироқларнинг охири йўқ эди, барча дўстларим, ҳатто олис Хоразмдан ҳамкасбларим мени бундай ютуқ билан қутлашди. Юрагим ҳаяжонга тўлди, сафардан қайтгандаги чарчоқ ва ҳорғинликлар ҳам чиқиб кетди.

Ҳар йили саккиз-ўнтагача монографиям нашрдан чиқяпти. Уларнинг ҳар бири камида тўрт юз бетдан иборат. Аслида булар ўттиз-қирқ йил давомида ёзилган китоблар... 2016–2017 йилларгача бундай китобларнинг аксариятини нашр этиш имкони бўлмаган. Давлатимиз раҳбарининг очиқлик ва ошкоралик сиёсати, тарих фанига ажратган эътибори ўлароқ бугунги кунда китобхон қўлига ҳаққоний адабиётлар етиб бормоқда. “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг очилиши, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтининг янгидан иш бошлаши буларнинг исботи, назаримда. Шундай экан, албатта, ғайратга яна бир бор тўлдик, ҳар бир сониядан унумли фойдаланиб меҳнат қилишда давом этамиз.

Аслида, насиҳат қилишни ёқтирмайман, аммо тарихчи олим сифатида ёшларга айтишим лозим бўлган фикрлар бор: “Эл-юртимиз равнақи йўлида астойдил ва ҳалол меҳнат қилсангиз, ўз қадрини топишига ишонинг, доим ҳаракатда бўлинг”.  

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Тарих институти бош илмий ходими,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби