Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова ўтказган брифингда юртимизда эндокринологик касалликларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари томонидан республикамиздаги ош тузи ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўрганиш ишлари олиб борилаётир.

Бугунги кунда республикамизда йодланган ош тузи ишлаб чиқарувчи ва қадоқловчи 117 та корхона мавжуд. Май ойининг ўзида йодланган ош тузини ишлаб чиқарадиган 7 та корхонада ўрганишлар ўтказилди ва намуналар лабораторияга юборилди. Олиб келинган туз намуналаридан 27,2 фоизи белгиланган меъёрга жавоб бермаслиги маълум бўлди ва жами 50,6 тонна ош тузи реализацияси тақиқланиб, қайта йодлаш бўйича корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, 2021 йил охирида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги мактаб ўқувчилари ўртасида селектив тадқиқот ўтказилган. Натижада Андижон ва Фарғона вилоятларида тадқиқот гуруҳининг 30 фоизида йод танқислиги аниқланган.

Ирода МИРВОҲИДОВА,

ЎзЖОКУ талабаси