Буюк Британиянинг Ливерпуль шаҳрида 26 май, душанба оқшомида Премер-лигадаги ғалаба шарафига ўтказилган парад чоғида худди шу ном билан аталадиган “Ливерпуль” футбол клуби мухлисларини автомобиль босиб кетди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Sky News ва The Guardian нашрлари хабар бермоқда.

Воқеа маҳаллий вақт билан тахминан 18:00 да Вотер-стрит кўчасида содир бўлган. “Ливерпуль”нинг минглаб мухлислари футбол бўйича Англия чемпионатидаги ғалабани нишонлаш учун шаҳар кўчаларида саф тортишди.

Воқеа жойига қутқарув хизматлари тезда етиб келди. Машина воқеа жойида тўхтатилган, уни бошқарган эркак ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Гап 53 ёшли британиялик ҳақида кетмоқда.

Ҳозирча қанча одам жабрлангани ва қурбонлар бор-йўқлиги номаълум. Тез ёрдам хизмати “вазиятни баҳоламоқда”, деб хабар беради korrespondent.net.

BBCнинг қайд этишича, воқеа жойидан камида уч нафар жарбрланганлар олиб кетилганини кўришган.

Воқеа содир бўлган Вотер-стрит кўчасидаги Bespoke Signature тикувчилик дўконининг эгаси The Telegraph нашрига жабрланганлар сони бошқача эканлигини айтди.

“Автомашина тўхтатилди. Билишимча 17 киши жароҳат олган, уларга ёрдам кўрсатилмоқда”, деди у.

Бош вазир Кир Стармер ва ички ишлар вазири Иветт Купер воқеа юзасидан фаол янгиликларни кутмоқда.

“Ливерпулдаги воқеалар даҳшатли. Мен яраланган ёки жабрланганларнинг ҳар бири ҳақида ўйлаяпман. Менга воқеа юзасидан мунтазам маълумот бериб туришибди ва полицияга тергов ўтказиш учун бўш жой ажатишларини сўрайман”, деди Стармер.