Божхона органлари томонидан сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланаётган шахслар фаолиятига ўз вақтида чек қўйилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Зангиота туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида дори воситаларини шартли харидорга ноқонуний тарзда сотаётган фуқаро божхона ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Маълум бўлишича, умумий қиймати 55,5 миллион сўмлик жами 150 дона «Remdesevir for Injection 100 mg/vial» номли дори воситалари «Кобальт» русумли автотранспорт воситасида белгиланган жойга сотиш мақсадида олиб келинган. Лекин дориларни сотаётган вақтда, божхона ходимлари «ишнинг белига тепган».

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.