Суд муҳокамаси ёпиқ тарзда ўтган бўлса-да, ҳукм очиқ эълон қилинди. Қарорни раислик қилувчи судья Азирет Медеров ўқиб эшиттирди.
Ҳукмга кўра, иш бўйича барча айбланувчилар «Ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш» моддаси бўйича айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ мазкур жазо уч йиллик пробация назорати билан алмаштирилди. Шу сабабли маҳкумлар жазони колонияда ўтамайди.
Судланганлар қуйидагилар:
- Қамчибек Ташиев — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси;
- Нурланбек Турғунбек уулу — Жўғўрқу Кенешнинг собиқ спикери;
- Қурманқул Зулушев — Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати;
- Бекбўлот Талғарбеков — жамоат арбоби;
- Эмилбек Узоқбаев — Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси;
- Қурманбек Дийқанбаев — Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати;
- Аалы Карашев — собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутат;
- Курсан Асанов — ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари.
Шу билан бирга, суд фигурантларни «Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича оқлади.
Февраль ойидан буён ҳибсда сақланаётган Бекбўлот Талғарбеков, Эмилбек Узоқбаев, Қурманбек Дийқанбаев, Аалы Карашев ва Курсан Асанов суд залидан озод қилинди.
Пробация маҳкумнинг озодликдан маҳрум этилмасдан, суд белгилаган муддат давомида пробация органлари назорати остида бўлишини англатади.
Ҳукмдан сўнг Қурманбек Дийқанбаев суд қарорини тўғри деб баҳолади. Қамчибек Ташиевнинг адвокати Икромиддин Айтқулов ҳамда Қурманқул Зулушевнинг ҳимоячиси Бакитбек Жумашев эса ҳукм устидан юқори суд инстанциясига шикоят қилишларини маълум қилди.
Курсан Асанов ҳам ўзига нисбатан босим ўтказилмаганини, бироқ суд ҳукмига қўшилмаслигини билдирди.
Аввалроқ давлат айбловчиси суддан айбланувчиларнинг ҳар бирига тўққиз йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят иши бир гуруҳ сиёсатчилар ва жамоат арбоблари имзолаган «75 мактуб» билан боғлиқ. Унда муддатидан олдин президент сайловини ўтказиш ва давлат раҳбарининг ваколатларини муддатидан аввал тугатиш таклиф қилинган. Тергов талқинига кўра, ушбу мурожаат сиёсий баёнот эмас, балки мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш ва ҳокимиятни алмаштиришга қаратилган ҳаракатнинг бир қисми бўлган. Айбланувчилар эса айбларини тан олмаган.