Халқимизда “Соғлом танда –соғ ақл” деган ҳикматли гап бор. Педагоглар ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, уларга замонавий андозалар даражасида сабоқ бериш билан бир қаторда муносиб дам олишлари, соғликларини мунтазам тиклаб олишлари ҳам муҳим.

Шу маънода Халқ таълими вазирлиги  ташаббуси билан педагогларнинг дам олишлари, соғлиқларини тиклашлари учун уларга яратиб берилган шароитлар кўламини бошланаётган йилимизнинг илк кунлариданоқ ҳис қилдик. Тошкент шаҳрининг қоқ марказида қад ростлаган “Чинобод Плаза” санаториясининг муҳташам, замонавий мажмуаси илк меҳмонлари сифатида 80 нафар ўқитувчиларни қабул қилди.

Санаториянинг янги биноси энг сўнги андозалар асосида барпо қилинган ва барча тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган. Санаториядаги дам олиш ва даволаниш учун барча шароит муҳайё қилинган

Хоразмдан ташриф буюрган бир гуруҳ педагоглар қаторида мен ҳам ушбу муҳташам сиҳатгоҳда дам олиб, соғлигимни тиклаш бахтига муяссар бўлмоқдаман. Санаторияга илк ташриф буюрган педагоглар билан учрашиш учун Халқ таълими вазири шахсан ташриф буюрди ва Президентимиз томонидан ўқитувчилик касбига бўлган эътибор ва бу борада қилинаётган ишлар ҳақида биз билан эркин мулоқот қилди.

Эътиборли томони, бу йил илк бора ўн уч ярим минг нафардан зиёд педагогларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан санаторияларда дам олиб, соғликларини тиклаш учун бепул йўлланмалар ажратилаётган экан.

Санаторияда дам олиб, соғликларимизни тиклаб олгач янгича куч ва ғайрат билан ишга киришишимиз, таълим тизимини юқори поғоналарга олиб чиқиш йўлида бор тажриба ва маҳоратимизни баҳшида қилишимиз аниқ. Бу биз педагогларнинг Президентимиз эътирофи ва эҳтиромлари учун муносиб жавобимиз бўлади.

Феруза ТИЛЛАЕВА,

Хоразм вилояти, Боғот туманидаги 12-сонли умумтаълим мактаби директори, “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби