Хусусан, Миллий режага кўра, 2026 йилдан онкологик касалликларга чалинган болалар учун давлат тиббий суғуртаси ҳисобидан алоҳида хизматлар пакетини молиялаштириш белгиланган.
Ушбу пакет қуйидагиларни қамраб олади:
дори воситалари, жумладан, кимётерапия, мақсадли ва иммунотерапия;
замонавий диагностика, жарроҳлик амалиётлари ва стационар даволаниш;
психологик, ижтимоий ва паллиатив ёрдам;
телетиббиёт, рақамли хизматлар ва инновацион технологиялар;
реабилитация ва соғайишгача бўлган тиббий хизматлар.
Яна бир муҳим жиҳат: Миллий режа доирасида Республика болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги 14 та филиали фаолияти такомиллаштирилади.
Бу орқали жойларда эрта ташхислаш, беморларни ўз вақтида йўналтириш, даволаш сифатини назорат қилиш ва мутахассислар ўртасида масофавий маслаҳатлашувларни кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ЖССТ, ЮНИСEФ, халқаро молия институтлари ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда соҳага қўшимча инвестициялар жалб қилиш, замонавий диагностика имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
2030-йилгача эришилиши белгиланган асосий натижалардан бири — болалар онкологиясида диагностика, даволаш, зарур дори воситалари ва реабилитация харажатларини давлат томонидан 100 фоиз қоплаш тизимини шакллантиришдан иборат.
ССВ Матбуот хизмати.