Яна бир ҳолатда, пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига темир йўл контейнерида келтирилган юклар ҳужжатларга кўра аслида салкам 6 минг доллар қийматидаги 6 турдаги хўжалик товарлари бўлиши лозим эди.

Аммо, мазкур контейнернинг инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган сканер тасвирлари буни тасдиқламади. Контейнер белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унда ҳужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 3,8 миллиард сўмлик 42 номдаги хўжалик моллари ва косметика воситалари ортилгани аниқланди.

Таҳлилларга кўра ҳужжатларда кўрсатилмаган товарлар учун аслида 
1 миллиард 66 миллион сўмдан зиёд божхона тўловлари ҳисобланган. Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар учун эса бу меъёр 74 миллион 947 минг сўмни ташкил қилган, холос.

Шунингдек, ушбу постда аниқланган яна бир ҳолатда четдан келтирилган майнер яъни ҳисоблаш машиналари товарлари кўздан кечирилганида, юклар орасида 140 дона майнер ҳужжатларда кўрсатилмагани фош этилди.

Ҳужжатларда кўрсатилмаган товарларнинг умумий қиймати эса 
435 миллион 308 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.