Марғилон шаҳрининг "Тўралар" кўчасида истиқомат қилувчи Хожимат ота Тожибоев бу йил 88 ёшга қадам қўйди. Ҳайратланарлиси шундаки, 9 нафар фарзандни ҳалол меҳнат билан вояга етказган ва айни пайтда 31 набиранинг севимли бобоси – ҳалигача туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган. Тўғриси, бугунги «хужжат гапирадиган» даврда ушбу ҳолатни тасаввур қилиш қийин. Лекин бу факт!
«Биз яшаган замонлар соддачилик даври эди, – дейди Хожимат ота Тожибоев. – Чарм заводида қоровулчилик қилдим. Кимдир «Бу ерга қўл қўй», деса, имзо чекиб кетаверган эканмиз. Мана, бугунги омон-омон замонларда эса мерос масалаларида шу ҳужжат тушмагур жуда керак бўляпти».

Марғилон шаҳар ФҲДЁ бўлимида Хожимат ота Тожибоевга 88 йил кечикиб келган ҳужжат тантанали равишда расмийлаштириб берилди.
Вилоятда 2019 йилда турли сабаблар билан 518 та ҳолатда 16 ёшгача бўлган болалар туғилишининг муддати ўтказилиб қайд этилган. Ўтган 2020 йил давомида эса тарғибот ва ташвиқот ишлари, маҳаллаларда уйма-уй юриш тадбирлари самарасида ушбу ҳолатлар 236 тани ташкил этган ва 282 тага камайгани маълум бўлди.