«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 121-бандида мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда суғориш қудуқларини ўрнатиш орқали жами 90 минг гектар майдонларни қайта фойдаланишга киритиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш вазифаси юклатилган.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги қўмитаси томонидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йилда ўзлаштириладиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, амалга ошириладиган тадбирлар ва бу ишларга жалб этиладиган ташаббускорлар аниқ кўрсатилган манзилли рўйхатлар тасдиқланди.
Жорий йил 1 апрель ҳолатига жойлардан олинган маълумотларга кўра, жами 95,8 минг гектар (106 фоиз) ер майдонлари қишлоқ хўжалиги фойдаланишига қайта киритилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 4,9 минг, Андижон вилоятида 1,4 минг, Бухоро вилоятида 9,7 минг, Жиззах вилоятида 12,5 минг, Қашқадарё вилоятида 2,1 минг, Навоий вилоятида 7,1 минг, Наманган вилоятида 8,9 минг, Самарқанд вилоятида 19,1 минг, Сурхондарё вилоятида 11,8 минг, Сирдарё вилоятида 3,0 минг, Тошкент вилоятида 3,1 минг, Фарғона вилоятида 7,9 минг ва Хоразм вилоятида 3,7 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилган ва ўзлаштирилган.
Бунинг учун ташаббускор томонидан республика бўйича 864 км суғориш тармоқларини қуриш, 118 км коллектор тармоқларини таъмирлаш, 874 та суғориш қудуқларини қазиш, 91 та насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда 1536 км электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари бажарилган.
Фойдаланишга киритилган ва ўзлаштирилган ерларнинг 61,5 минг гектарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган. Шундан 40 га пахта, 1416 га буғдой, 1953 га сабзавот, 463 га полиз, 60 га картошка, 2750 га дуккакли, 1643 га мойли, 22 537 га боғ, 14 203 га ток, 9 053 га озуқа, 586 га доривор ва 5 446 га бошқа экин турларидан иборат.
Камол Қўчқоров,
Сув хўжалиги вазирлигининг
Ерлар мелиорацияси бошқармаси бошлиғи ўринбосари