Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган ота-боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.

Шунинг учун ҳам босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган.

Жумладан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5081-сонли қарорини ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 7 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Хасан Бабаджанов, Ўзбекистон “Veteran” жангчи фахрийлари ва ногиронлари бирлашмаси аъзоси, истеъфодаги полковник Ҳамидулла Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист истеъфодаги подполковник Марат Ҳакимов, Янгиҳаёт тумани 2-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар - Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолгани, кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшганлигини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида 6,5 миллионга яқин халқ яшаган юртимиздан 2 миллионга яқин инсонлар урушда қатнашиб, 500 мингдан ортиғи жанг майдонларида ҳалок бўлгани, 130 мингдан кўпроғи бедарак йўқолгани, 60 минг киши ногирон бўлиб қайтганини, айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатгани олий инсоний фазилат эканлигини таъкидлаб, шу билан бирга, фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист истеъфодаги подполковник Марат Ҳакимов томонидан моҳирона ижро этилган дилтортар наволар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлаган бўлса, Янгиҳаёт тумани 2-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг қизиқарли саҳна кўринишлари намойиши ҳамда Академиянинг Оркестр бошлиғи подполковник Комил Абдунабиев ҳамда 3-босқич курсанти Бекжон Дусимов ижроларидаги жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи куй қўшиқлари тадбир иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан таклиф этилган меҳмонларга Академия раҳбариятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Мухтасар қилиб айтганда, халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда.

Дарҳақиқат, уруш халқимиз иродасини синовдан ўтказди. Ўша йиллари шароит оғир бўлишига қарамай асрлар оша аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини йўқотмай, одамийлик намунасини кўрсатди. Уйда қолган хотин-қизлар, кекса ва болалар қишлоқ хўжалигида, завод ва фабрикаларда кечаю кундуз меҳнат қилиб, ўзлари емай, киймай барчасини фронтга жўнатган. Бу ҳам қаҳрамонлик ва жасоратдир.

— Хотира ва қадрлаш куни биз, ёшларни тинчлик ҳамда келажагимиз учун ўз жонини фидо қилган аждодларимизни ёд этиш, зиёрат қилиш ва тинчликнинг қадрига етишга ундайди. Бу каби лойиҳалар нафақат Ўзбекистондаги юртдошларимизни, айни пайтда бутун дунёдаги ҳамюртларимизни ҳам бирлаштирувчи бир тадбир, десам, муболаға бўлмайди дейди — лейтенант Фирдавс Каримов — Тинч, осойишта юртда туғилганимдан жуда ҳам фахрланаман, ота-боболаримиз Ватан озодлиги учун жонини фидо этишган. Биз, ёшлар уларни ҳар доим эслаб юришимиз, кексаларни йўқлаб, кўтаринки кайфият ҳамда қувонч -улашиб, уларнинг дуосини олишимиз керак. Ахир қарияларнинг дуосида хислат кўп. Албатта биз ёшлар ҳам она-юртимиз равнақига муносиб ҳиссамизни қўшиш орқали жонажон Ватанимиз олдидаги чин фарзандлик бурчимизни адо этамиз.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси, 

капитан.