Унинг таъкидлашича, ушбу кенгашга қўшилиш қарори, аввало, минтақавий хавфсизлик эҳтиёжларидан келиб чиққан. Кенгашнинг асосий мақсадлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади.
«Иқтисодий форум кун тартибида кўплаб сиёсий масалалар, хусусан, Ғазо секторидаги инқироз ва уни ҳал этиш йўлларини топиш вазифаси турибди. Яқинда Дональд Трамп томонидан таклиф этилган „Тинчлик кенгаши“нинг бош мақсади ҳам айнан Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатиш ва Ғазо инқирозига барҳам беришдир», — деди Президент маслаҳатчиси.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганини қайд этар экан, Камилов бунинг учта муҳим сабабини санаб ўтди:
- Миллий хавфсизлик: Минтақадаги барқарорлик бевосита Ўзбекистон хавфсизлигига таъсир қилади.
- Ташқи сиёсий тамойиллар: Кенгаш олдига қўйилган вазифалар мамлакатимизнинг тинчликсевар сиёсатига ҳамоҳанг.
- Стратегик манфаатлар: Яқин Шарқ минтақасида Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари мавжуд.
Маслаҳатчи Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан ўз фуқароларини қайтариб келиш бўйича тажрибасига ҳам тўхталди. Унга кўра, адашиб экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича Ўзбекистон модели БМТ ва халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланган.
«Президентимизнинг бу борадаги сиёсати бутун дунё учун намуна бўла олади. Бизнинг ушбу минтақадаги асосий мақсадимиз — ўз хавфсизлигимизни таъминлаш ва экстремизм ўчоқларини бартараф этишда иштирок этишдир», — дея таъкидлади у.
Шунингдек, Абдулазиз Камилов Яқин Шарқдаги беқарорлик Марказий Осиёга, хусусан, қўшни Афғонистонга қандай таъсир қилишини тушунтириб берди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги кўплаб террорчилик гуруҳлари айнан Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан кириб келган.
«Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш фақатгина АҚШ ёки араб давлатларининг иши эмас. Бунинг учун халқаро ҳамжамият, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳам жипслашиши керак. Ҳар бир қадамни пухта ўйлаб босиш орқали тинчлик ва барқарорликка эришиш мумкин», — деди Камилов.
Президент маслаҳатчиси Ўзбекистоннинг ушбу саммитдаги иштироки мамлакатнинг жаҳон сиёсатидаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат эканини айтди. Бу нафақат Ўзбекистонга бўлган юксак ишонч, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги муҳим ва жиддий иштирокчи сифатида тан олинишидир.