Учрашув чоғида Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини жорий йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Илгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашдилар.

Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритдилар.

Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникасия лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ташқи ишлар вазирларининг оммавий ахборот воситалари учун брифинги ўтказилиб, музокараларнинг натижалари эълон қилинди ва журналистлар саволларига жавоблар берилди.