Ҳар икки йилликнинг нуфузли мусобақасида спортчилар 13 та вазн тоифасида рингга кўтарилишди. Мазкур жаҳон чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси таркибида 5 нафар бухоролик чарм қўлқоп усталари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди. Қувонарлиси, чемпионатда Абдумалик Халаков финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда у франциялик Софиан Умидга қарши жанг олиб борди ва тенг курашлар остида кечган беллашувда имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Бугун, 22 ноябрь куни Абдумалик она шаҳри Бухорога қайтди. Спортчимиз ва унинг мураббийлари Бухоро темирйўл вокзалида тантанали тарзда кутиб олинди.

Сўнг вилоят ҳокимлигида Абдумалик Халаков ва унинг мураббийи Даврон Ғафуровни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

— Барчамиз Жаҳон чемпионатини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб бордик. Шуни алоҳида мамнуният билан айтиб ўтмоқчиманки, бу чемпионатга йўлланмани қўлга киритиш ва унда иштирок этишнинг ўзи бир шараф. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг асосий қисми Бухоро вилоятидан эканлигини барчамизни қувонтирди. Шундай экан, чемпионат беллашувларида иштирок этган барча спортчиларимизга ва уларнинг устоз, мураббийларига алоҳида миннатдорчилик билдираман, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов учрашувда.

Боксчи ва унинг мураббийи Даврон Ғафуровга пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, уларга зарбоф тўнлар кийдирилиб, юксак эҳтиром кўрсатилди.

— Жаҳон чемпионатида бундай юқори натижаларга эришишимда албатта мураббийларимнинг ҳиссалари катта. Айниқса, бизга ишонч билдириб, шундай шароитларни яратиб берган давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Келгусида бундан ҳам йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришга сўз бераман, – дейди Абдумалик Халаков.

Шунингдек, тадбирда ҳоким ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, вилоят прокурори, солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи, МОҚ бухоро вилоят вакили ҳамда бокс мураббийлари иштирок этишди.

 Рустам Раҳимбоев,

Cурат: Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати