Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан ташкил этилган. Ўтган йилларда минтақа давлатлари ўртасида йўлга қўйилган ўзаро самарали ҳамкорлик ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг кўмаги туфайли жамғарма Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлашга эришди.
Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига олиб келаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган бугунги шароитда жамғарманинг роли ва аҳамияти янада ортиб бормоқда. Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Оролни қутқариш Халқаро жамғармасига раислик қилади.
Тақдимотда ушбу давр мобайнида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар ва эътибор марказида бўладиган масалалар кўриб чиқилди.
Сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий йўналишларни қамраб олган 133 та лойиҳа ишлаб чиқилгани таъкидланди. Хусусан, ушбу лойиҳалар доирасида сув хўжалиги иншоотларини модернизация ва реконструкция қилиш, сув ресурсларини тақсимлаш, ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, гидрометеорологик маълумотлар мониторинги, тошқинлар ва қурғоқчилик бўйича прогнозлаш ҳамда эрта огоҳлантиришнинг минтақавий рақамли платформасини яратиш, аҳолини ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш каби кўплаб чора-тадбирлар илгари сурилади.
Мазкур лойиҳаларнинг қиймати 3,3 миллиард долларни ташкил этади. Улар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштирилади.
Президентимиз ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йилда бажариладиган ишларга доир ойлар кесимида “йўл харитаси”ни тасдиқлаш ва ижросини ташкил этишни топширди. Лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга халқаро экспертлар, профессор-олимлар ва хориждаги ватандошларимизни ҳам жалб этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда Ўзбекистоннинг ОҚХЖга раислиги давридаги устувор масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жамғарма тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни давом эттириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлашни таъминлаш, Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади. Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар эътибор марказида бўлади.
Шунингдек, жамғарма фаолиятини илмий-таҳлилий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бунда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети унинг ташаббусларини амалга оширишда илмий-таҳлилий платформа бўлади.
Шу мақсадда университет фаолияти трансформация қилинади. Таълим ва тадқиқот жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ишлари жадаллашади, экологик тикланиш ва сув тежамкорлиги бўйича тадқиқотлар кенгайтирилади, замон талабларидан келиб чиқиб илғор кадрларни тайёрлашга ёндашув кучайтирилади.
Хусусан, Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича маълумотларнинг ягона базаси яратилади, чўлланишга қарши минтақа олимлари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилиб, инвестиция ва грант маблағлари жалб қилинади, Марказий Осиё ва Афғонистон учун сув хўжалиги бўйича бакалавриат ва магистратура дастурлари ишга туширилади.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида режалаштирилган чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга ошириш, бунда мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан қўшни давлатлар билан алоқаларни янада фаоллаштириш, вилоят ҳокимларининг иштирокини таъминлаш, қўшма таълим ва тадқиқотлар орқали минтақада сув дипломатиясини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан қатор топшириқлар берди.