Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, ҳамюртимиз ушбу индивидуал соврин учун курашда Бернарду Силва ва Жанлуиджи Доннарумма каби жамоадошларини ортда қолдириб, энг кўп овоз тўплашга муваффақ бўлган. Бу Ҳусанов учун инглиз клуби сафидаги иккинчи шундай муваффақият ҳисобланади.

Ҳимоячи январь ойи давомида тўртта турли мусобақа доирасида жами тўққизта учрашувда майдонга тушиб, аксарият ўйинларда тўлиқ ҳаракат қилди. Унинг ҳимоя чизиғидаги барқарор ва ишончли ҳаракатлари жамоанинг Англия Премьер-лигаси чемпионлиги йўлидаги муҳим омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирда Манчестер Сити 47 очко билан турнир жадвалининг иккинчи поғонасида бормоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов аввалроқ Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси томонидан 2025 йил якунларига кўра Осиёнинг рамзий терма жамоасига ҳам киритилган эди. Мутахассисларнинг фикрича, ёш ҳимоячининг бундай юқори натижалари унинг нафақат клубда, балки қитъа миқёсидаги нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради.