Китоб-альбом икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми кириш мақола ва етти бўлимни ўз ичига олган. Ибн Сино ҳаёти ва илмий ижодига доир мақолалар ўзбек ва турк олимлари томонидан ёзилган.

Китоб-альбомнинг иккинчи қисмида буюк файласуф Абу Али ибн Синонинг Туркия кутубхона ва музейларида сақланаётган қўлёзма асарларининг тавсифлари тақдим этилади. Олимнинг асарлари мавзу бўйича таржимаи ҳол, табобат, фалсафа, мантиқ, илоҳиёт, адабиёт, тасаввуф, ахлоқ ва тафсир илмига ажратилди.

Ибн Сино асарларига ўз давридаёқ ва ундан кейин ҳам қизиқиш катта бўлган. Шу сабабли Мусулмон шарқнинг турли минтақаларидан етишиб чиққан машҳур олим ва табиблар Ибн Сино асарларига шарҳлар ёзиб, қисқартмалар тузганлар. Кейинчалик бу қисқартмаларга шарҳлар ҳам ёзилган. 

Китоб-альбомга Ибн Сино асарларига бўлган эътибор ва эҳтиёжни кўрсатиш мақсадида шарҳлар, қисқартмалар, шунингдек, уларга битилган шарҳлар ҳам киритилган.