Куни кеча мазкур лойиҳа доирасида Фарғона шаҳридаги Wine Garden комплексида ўқувчилар ёзги оромгоҳининг ёпилиш маросими ўтказилди. Маросимда Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов иштирок этиб, ёшлар ва дастур координаторлари фаолиятини юқори баҳолади.
Айтиш мумкинки, лойиҳа ижроси доирасида Фарғона Давлат университетининг чет тиллари факультети, инглиз тили ўқитиш методикаси кафедраси томонидан самарали ишлар амалга оширилган. Жумладан, Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги таълим муассасаларидан 45 нафар иқтидорли ва кам таъминланган ўқувчилар таркиби шакллантирилиб, 3 нафар инглиз тили ўқитиш методикаси кафедраси ўқитувчилари бошчилигида октябрь – июнь ойларида ўқувчиларга интенсив инглиз тили машғулотлари 130 соат давомида ўтилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 25 июнь- 9 июль кунлари 14 кунлик 70 соат инглиз тили дарс машғулотлари ёзги сайёр ўқувларга айлантирилди. Бунда ўқувчилар инглиз тили дарсларидан ташқари Учкўприк «Меҳригиё» доривор ўсимликлари лаванда далалари, Худоёрхон саройи, Риштон халқаро керамика маркази, Наманган афсоналар водийси хиёбони, Андижон вилоятидаги Бобурийлар тарихий музейи, Қувасой шаҳридаги «Водий тулпорлари» от спорти комплексларига саёҳат қилдилар.
Қувонарлиси, айни кунларда 2020-2022 йиллар учун №SUZ80020GR0040 рақамли ACCESS дастури координатори этиб тайинлаган жамоадошимиз - чет тиллари факультети, инглиз тили ўқитиш методикаси кафедраси мудири Наргиза Тоирова ушбу лойиҳага бошчилик қилмоқда.