Мазкур танлов ўқувчи ёшларда халқ дипломатиясининг моҳиятини кенг тушуниш, халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларни такомиллаштириш масалалари ҳақида фикр юритиш, шунингдек, ШҲТ мамлакатлари ва бошқа хорижий мамлакатлар халқларининг маданияти, анъаналари, дини ва турмуш тарзи билан янада яқинроқ танишишда ажойиб имконият яратди.

Тадбирда мустақил ва эркин фикрловчи ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, юртимиз ёшларининг истеъдодли вакилларини аниқлаш, умуман, ижодкор шахсларни қўллаб-қувватлаш ва ёш авлоднинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров танлов иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, танловдан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ўқувчи ёшларни ижодий меҳнатга ундаш, ШҲТ мамлакатлари маданияти, тарихи, анъана ва қадриятларига қизиқишини ошириш, шунингдек, халқ дипломатиясининг моҳиятини тушуниш, яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, цивилизациялараро ривожлантириш масалалари ҳақида дунёқарашларини кенгайтиришдан иборатлигини таъкидлади.

Тақдирлаш маросимида фахрий меҳмонлар қаторида Республика болалар кутубхонаси директори Д. Ўролов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Гулхан” журнали маъсул котиби Муҳаббат Ҳамидова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Халқаро олтин қалам” мукофоти соҳиби, филология фанлари номзоди, таниқли болалар шоири Дилшод Ражаб ҳамда болалар ёзувчиси Шукурулла Абдуллаев ўқувчи ёшларни келажакда етук мутахассис бўлиб етишиши учун кенг имкониятлар яратилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур танловга жами 200 га яқин иншолар тақдим этилди.  Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол қатнашишди.

Ижодий ишдаги ўзига хос самимий талқинлар туфайли танлов ҳайъатига ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Шу сабабли “Фалсафий фикрлар”, “Чиройли ҳуснихат”, “Дилкаш сатрлар”, “Мукаммал режа”, “Энг ёш иштирокчи”, “ШҲТ расми йилидаги иншо”, “Фаол вилоят”, “Фаол туман”, “Фаол устоз” номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.

ШҲТ доирасидаги халқ дипломатияси жаҳон мамлакатлари менталитетини тушуниш, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. ШҲТ маконида яшаётган халқлар манфаати йўлидаги маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, маданий хилма-хилликни асраш ва уларни тарғиб этиш, турли маданиятлар ва меросни ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик одамлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

  

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси

марказининг ахборот хизмати