“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК ҳамда “Spectre” ижодий студияси билан ҳамкорликда ёш режиссёр Шоҳруҳ Расулов томонидан суратга олинган, Адиблар хиёбони, унда ҳайкаллари ўрнатилган шоир ва ёзувчиларга бағишланган “Халқ юраги” номли ҳужжатли фильм премьераси ҳамда адиблар ҳаёти ва ижоди ҳақидаги 24 серияли лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.
Адиблар хиёбони ҳақидаги фильм шу йилнинг 20 май куни хиёбоннинг очилиш маросимида иштирок этган мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра яратилди. Фильм ушбу ноёб лойиҳа, атоқли шоир ва ёзувчилар, уларнинг ижоди, шунингдек, хиёбондаги шеърият айвони ҳақида ҳикоя қилади. Лойиҳа доирасида яна 24 та сериядан иборат фильмлар ишлаб чиқарилади. Улар Адиблар хиёбонидаги ҳайкаллари ўрнатилган ҳар бир шоир ва ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланади. Ҳозирда “Ўзбеккино” МА томонидан ушбу туркум ҳужжатли фильмларнинг ишлаб чиқариш дастури тасдиқланди. Ўтказилган тадбирда мазкур ҳужжатли фильмлар туркумининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
“Ўзбеккино” МА ҳужжатли фильмларни кино санъатининг энг ёрқин турларидан бири сифатида ривожлантиришни, шу жумладан, маҳаллий кинохроника мактабининг тарихий шон-шуҳратини тиклашни ният қилган. 9 сентябрь куни “Ўзбеккино” МАда бўлиб ўтган “Ҳужжатли кино” куни ҳам соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳужжатли фильмлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш учун уюштирилди.