Адолат —
фаровон жамиятнинг пойдевори, инсон қадр-қиммати ва ижтимоий тараққиётнинг
асосий шарти. Тарих гувоҳлик берадики, адолат ҳукм сурган ўлкада халқ тўкис,
фаровон яшайди, адолат поймол қилинган жойда эса ижтимоий зиддиятлар ва
инқирозлар юз беради.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида бу
ҳақиқатни ўз тажрибасида синаб кўрди. Янги Ўзбекистон даври адолат ва инсон қадрини
тиклаш йўлидаги улкан синов ва катта натижаларни ўз ичига олади.
Адолатли жамият қурмоқ учун,
аввало, ўтмишдаги хато ва камчиликларни тан олмоқ, уларни тузатмоқ лозим. Шу
маънода, Ўзбекистон суд тизимидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги
чора-тадбирлар, афв сиёсати ва кечиримлилик тамойилларига таяниш шунчаки
сиёсий қарорлар эмас, балки маънавий улуғворлик ифодасидир. Зеро, фақат ўзига
ишонган инсонгина кечиримли, ўзига ишонган халққина бағрикенг бўлади.
Бир умр — бир умид
2012 йилнинг авжи саратони. Ўша
машъум, маҳзун кунлар Тошкент давлат шарқшунослик институтининг истеъдодли
аспиранти Шерзод Жўраевнинг умрини икки қисмга бўлиб юборди — “қамоқдан олдин”
ва “қамоқдан кейин”. Яқин дўстим, ёш олим порахўрликда айбланиб, ҳибсга олинди.
Тергов-суд ҳужжатларида ёзилишича, у бир йил олдин, яъни 2011 йил биринчи
август куни институт проректоридан ўн минг доллар миқдорида пул олиб, бир
абитуриентга имтиҳон пайти тарих фанидан тест саволларини ечиб берган.
Аслида, айблов ўта заиф пойдеворга
қурилган эди. Аввало, ўша йили олий ўқув юртларига кириш имтиҳони ҳайит
байрамига тўғри келгани сабабли 1 август эмас, балки 2 августда ўтказилгани
ҳуқуқий жиҳатдан муҳим далил эди, яъни пора берилганига гувоҳлик қилиши кутилган
санадан бир кун олдин имтиҳон ҳали бошланмаганди.
Яна бир муҳим ҳолат: проректорнинг
“пора берилади” деб кўрсатилган хонаси ўша кунларда — 1 августда ва ундан икки
кун илгари Миллий хавфсизлик хизмати томонидан муҳрланганди. Муҳрланган, қатъий
назорат остидаги хонада ноқонуний олди-бердилар амалга ошиши мумкин эмаслиги
кундек равшан-ку. Бироқ ўша даврнинг ҳуқуқий одатига кўра, суд, терговчи ва
прокурор учун бу каби муҳим далиллар жилла аҳамият касб этмасди. Топшириқ
билан очилган жиноят иши сўзсиз бажарилиши лозим эди, мажбурлов орқали олинган
кўрсатма эса кишини қамоққа ташлаш учун кифоя ҳисобланарди.
Таҳлилларга қараганда, ўша йилларда
судлов амалиётида мажбурий кўрсатма мустақил исбот воситаси баҳоланиб, унинг
асосида кўплаб беайб фуқаролар жазо муассасаларига жўнатилган.
Шерзод Жўраев уч ярим йил умрини
панжара ортида, симтикан деворлар ўртасида ўтказди. Уч ярим йил — шунчаки
рақам эмас. Бу — ёш олим илмий карьерасининг тўхтатилган йиллари, фарзандлару
яқинлар соғинчи, оила ва дўстлар назарида ор-номус деб аталган жавҳарнинг синиши...
Озодликка чиққан Шерзод Жўраев
дунёдан буткул умидини узган эди. Ўзи ва фарзандлари келажагига ишончи сўнган,
тафаккури пажмурда, қалби яраланган инсон сифатида жамиятга қайтди у. Дарвоқе,
ёш олимнинг тақдири “Биринчи август” (сценарий муаллифи — камина) бадиий
фильмида муайян даражада кўрсатилган.
Янги Ўзбекистон шароитида бу ҳикоя
бошқача якун топди. Жадал судлов ислоҳотлари, ўтмишни холислик асосида тафтиш
этиш сиёсати ва ҳуқуқий адолатни тиклаш механизмлари туфайли Шерзод Жўраев
Олий судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Иш қайта кўрилди ва у тўлиқ
оқланди! Тергов-суд ҳужжатларида унга нисбат берилган барча айбловлар
асоссизлиги тасдиқланди.
Бугун у илм-фан соҳасида яна фаол
изланишлар қилаётган тадқиқотчи, XV асрнинг буюк маърифатпарвар ҳукмдори Ҳусайн
Бойқаро даврида кечган сиёсий ва маданий жараёнлар бўйича диссертация ҳимоя
қилиш арафасида. Айримлар туҳмат тоши ёш олимни босиб-янчиб ташлайди деб
ўйлаган бўлса ажаб эмас. Аммо инсофу адолат бўҳтон тошини яксон этиб, қадди дол
бўлганларни алифдек рост қилмоққа қодир экан!
Шерзод Жўраевнинг иши ягона ҳолат
эмас. Янги Ўзбекистонда Олий суд назорати тартибида минглаб ишлар қайта кўрилди.
Суд ислоҳотлари бошланганидан буён юзлаб киши ноқонуний айблов тўғрисидаги
хулоса асосида оқланди ёки жазоси камайтирилди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида
Шерзод Жўраевники каби бир оила, бир умр, бир умид ётади.
Афвга вафо, аҳдга
садоқат
Адолат фақат туҳматни фош этиш, беайбни
озод қилишдан иборат эмас. Адолатнинг яна бир юксак намунаси янглиш йўлга
кирган, бежо қадам қўйган инсонни кечириш, унга иккинчи имкон бериш ва жамиятга
қайтаришдир. Яқин ўтмишда жиноят сифатида баҳоланган хатоларнинг айримлари ёш
ва тажрибасизлик, баъзан ташқи таъсирлар туфайли юз берган. Шунда ҳам
мутаносиб бўлмаган оғир жазолар қўлланган, кечиримлилик эса иккинчи даражали
хислат ҳисобланган.
2015-2016 йилларда интернетда
“Абдуллоҳ Нусрат” тахаллуси остида конституциявий тузумга оид ноқонуний ва
номақбул битиклар, сиёсий-танқидий мақолалар тарқатилаётгани аниқланади. Тергов
жараёнида маълум бўлишича, бу ишнинг ортида ёш навоийшунос олим Акром Малик
турган. Истеъдодли, қобилиятли, адабиётшунослик илмининг умидли вакили
сифатида баҳоланаётган, менга шогирд мақомида бўлган бу йигит ташқи кучлар
таъсирига тушиб қолган, ўзи тушуниб-тушунмай нораво йўлга кириб кетган эди.
Акром Малик суд ҳукмига мувофиқ, 6
йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ўша давр мантиғига кўра, бу жазо “ўта
юмшоқ” деб ҳисобланиши мумкин эди. Бинобарин, сиёсий мотивдаги жиноятларда
айбланганларга кўпинча анча оғирроқ жазо қўлланиларди.
2017 йили Акром Малик Президентимизга
мурожаатнома йўллади.
“Ичкари” ўша
пайтлар жаҳаннамни эслатар эди. Инсон зотидан бирор ҳимоячинг бўлиши мумкин
эмас эди бу маконларда. Ҳар қандай инсон изтироб ва кўзёшлар ила “Қамоқлар
тириклар қабристони экан!” деб юборар эди. Тушкунлик тўла юраклардан ёруғ
кунлар умиди шам каби ўчарди. Менда ҳам шундай бўлди...
Орадан бир йил
ўтди. Ташқаридан кўнгилларга таскин берувчи муждалар кела бошлади. Биз
маҳкумларда ҳам тирикликка, ҳаётга умид уйғона борди. Чунки Сиз бошлаган
сиёсатнинг эпкинлари қамоқхоналарга ҳам кириб борган эди. Жумладан, бирдан
қамоқ ходимларида муомала ўзгарди, сиёсий-диний маҳкумлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб озодликка чиқа бошлади... Мен
бу ишларда адолатпарвар инсоннинг қатъиятини кўрдим. Қамоқларда инсоний муҳит
пайдо бўлгани, маҳкумлар ҳақларининг тиклангани Шавкат Мирзиёев сиёсатининг
муҳим ғалабаси, юксак натижасидир!” деб ёзган эди
Акром Малик давлатимиз раҳбарига йўллаган мурожаатномаларидан бирида.
Ёш олимнинг ички дунёси, ижодий салоҳияти
ҳамда тарих, адабиёт соҳасидаги тадқиқотларга қўшиб келаётган ҳиссасини яхши
билган ҳамкасблар, устозлар ҳам қўл қовуштириб турмади. Бир гуруҳ олим ва
ижодкорлар ёш тадқиқотчининг хатоси ва тавбасини кўрсатиб, унинг илмий
салоҳиятини таъкидлаб, афв этилишини сўраб Президентимизга хат йўлладик. Бу
нома шу маънода диққатга сазовор: Ўзбекистон зиёлилари ёш авлод учун жавобгарлик
туйғусини намоён этди, устозлар шогирдларини забун аҳволда ташлаб қўймади,
илмий жамоатчилик ундан юз ўгирмади.
Президентимиз сўровларни ерда қолдирмади
— Акром Малик давлатимиз раҳбари имзо чеккан афвномага кўра озодликка чиқди.
Бу ерда ҳикоянинг энг муҳим қисми бошланади: инсоннинг ўзига туҳфа этилган
иккинчи имконни қандай қабул қилиши!
Акром Малик озодликка чиққач, афвга
садоқат кўрсатди, шогирдлик аҳдига вафо қилди. Алишер Навоийнинг “Ҳайрат
ул-аброр” достонига уч жилддан иборат шарҳ битди. Ҳар томонлама пухта, пишиқ ва
энг муҳими, ёшларга тушунарли тилда ёзилган шарҳ муаллифи “Илҳом” танловида
ғолиб топилди ва “Спарк” автомобили билан тақдирланди.
Бундан ташқари, ёш адиб “Ҳалқа”,
“Саҳро”, “Жангчи” каби роману қиссалар ёзди, туркум шеърлар яратди. Энг муҳими,
у Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девони матний тадқиқи бўйича диссертация
ҳимоя қилишга эришди.
Акром Малик қисқа муддатда қўлга
киритган ютуқлар нафақат шахсий зафар, балки кечиримлилик тамойилининг жамиятга
берган самарасидир. Аввал хато қилган, лекин иккинчи имкон туҳфа этилган инсон
ишончни оқлаб, сермаҳсул, унумли ижод орқали жамиятга, давлатга ўз миннатдорлигини
изҳор этди.
Ўзгараётган
парадигма
Шерзод Жўраев ва Акром Маликнинг
кечмиши фарқли, албатта: бири туҳмат, иккинчиси ҳақиқий хато сабабли жабр
кўрди. Аммо уларни боғлайдиган умумий ришта шуки, янги Ўзбекистоннинг одил
сиёсати ҳар иккисига ҳам олиму ижодкор сифатида қайта ҳаёт бахш этди ва икковлон
ҳам бу имконни ҳавога совурмади.
Бундай мисоллар ўнлаб, балки юзлаб
топилади. Кечаги кунга назар ташласак, турли сабаб-омилларга кўра ситам чеккан,
ҳуқуқлари поймол этилган, имкониятлари тортиб олинган ватандошларимиз тақдири
кўз ўнгимизда намоён бўлади. Улар ичида олимлар, ёзувчилар, журналистлар, оддий
меҳнаткашлар, жамиятимизнинг барча қатлами вакиллари бор. Янги Ўзбекистон
раҳбарияти уларнинг барчасига ёруғ ваъда берди, ойдин мужда йўллади: адолат
тикланади, энди бари бошқача бўлади!..
Бу йўлда тизимли чора-тадбирлар
кўрилди. Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлар, ҳибсга олиш ва
қамоқда ушлаш тартибларига чекловлар, мажбурий кўрсатма олишга нисбатан қатъий
тақиқлар — буларнинг барчаси ўтмиш хатоларининг такрорланмаслиги учун кафолат
яратди. Суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, прокуратура ваколатларини тартибга
солиш, қонун устуворлигига таянган демократик давлат қуришдек тамойиллар янги
Ўзбекистоннинг ҳуқуқий қадрияти, ақидасига айланди.
Кечиримлилик адолатнинг душмани
эмас. Аксинча, чинакам адолат кечиримлиликни тақозо этади. Хом сут эмган бандаи
ожиз мутлақ равишда адашувдан холи эмас. Одил жамият эса янглишганларни
тарбиялаш ва роҳи ростга қайтариш йўлини тутади. Афсуски, яқин ўтмишда бу
куч-ваколат суиистеъмол қилинди, жазолаш функцияси бот-бот истифода этилди,
ислоҳга эмас, синдиришга урғу берилди. Янги Ўзбекистон бу парадигмани ўзгартирмоқда,
“Адоват эмас, адолат енгар” деган доно ёндашув ҳаётий тутумга айланмоқда.
Хўш, зулм, адолатсизлик жамиятда
қандай акс садо беради? У, аввало, раиятнинг давлатга ишончига путур етказади.
Жамоавий хотира заҳарланади, навқирон авлодга кўзга кўринмас ижтимоий жароҳат
мерос бўлиб ўтади. Одамлар ўзини ҳимоясиз, заиф ҳис этади. Бу эса миллатнинг
ботиний қуввати, ватансеварлик руҳиятини сўндиради.
Адолатнинг тикланиши ҳамиша жамиятни
жипслаштиришга хизмат қилади. Дейлик, Шерзод Жўраевни оқлаш фақат бир оила ёки
бир олим ҳаётидаги ўзгаришгина эмас. Бу барча олиму фузалога қарата хитобдир:
“Тизим сизларга адолатли муносабатда бўлишга қобил, қодир!”. Акром Маликнинг
афв этилиши эса янглиш одим отган ёш авлодга йўлланган мужда: “Хато қилсангиз,
уни мардона тан олинг, самимий тавба қилинг ва ватан бағрига қайтинг!”.
Жамиятнинг жипслиги, бирдамлиги,
руҳий саломатлиги кўп жиҳатдан шу каби сигналларга боғлиқ. Ишонч давлатнинг
чиннидан нозик, сув ва ҳаводек зарур сармоясидир. Уни пул, сарват билан сотиб
олиб бўлмайди, у фақат адолатли амаллар орқали шаклланади. Таъбир жоиз бўлса,
оқланган ҳар бир бегуноҳ фуқаро, афв этилган ҳар бир тавбакор — ишонч пойдеворига
қўйилган бир ғишт...
Давлатнинг тамали
Жаҳон файласуфлари “Биринчи муаллим”
деб эъзозлаган Арасту адолатни бошқаларга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш
фазилати деб таърифлаган. Ҳазрат Навоий эса уни олам юзини обод қилувчи куч
деб улуғлаган. Замонавий давлатшунослик нуқтаи назаридан баҳолаганда, адолат —
ижтимоий шартнома пойдевори, фуқаролик жамиятининг ҳаётий асоси. Бу уч манба —
антик фалсафа, мумтоз шеърият ва замонавий давлат илми якдил, муштарак хулоса
бермоқда: адолатсиз давлат узоқ умр кўрмайди, бундай жамиятда инсон ҳатто ўз
ватанида ўгай бўлиб қолади.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон”
концепцияси орқали адолатни амалий сиёсатнинг ўзаги, давлатнинг тамалига
айлантирди. Судлов ислоҳотлари, инсон ҳуқуқлари институтлари, жамоатчилик
назорати механизмлари — барчаси инсон манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ
рўёбга чиқаришга йўналтирилган.
Биз қаламга олган икки инсон тақдири
— янги Ўзбекистонда адолатли тизим ишлаётганининг ёрқин исботидир. Уларнинг
кечмиши юртимизда ҳуқуқий ва маънавий ислоҳотлар нақадар реал ва ҳаётий
эканини кўрсатади. Биз — олимлар, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари бу эзгу йўлни
қўллаб-қувватлашимиз, натижаларни кенг жамоатчиликка етказишимиз ва
ислоҳотларга имкон қадар ҳисса қўшишимиз лозим, албатта.
Мақола дебочасида Алишер Навоийнинг
адолат бобидаги ҳикматини зикр қилган эдик. Аслида, адолат тамойили ҳазрат
ижодининг ўқтомирини ташкил этади. Навоийнинг адолат ҳақидаги байту ҳикматлари
бугун ҳам ўз мазмунини йўқотмаган, эҳтимол, ҳеч қачон бугунчалик долзарб
аҳамият касб этмаган. Чунки биз нафақат сўзда, балки юракларда, ҳаётимизда
адолат тантана қилаётган бир даврда яшаётирмиз.
Шерзод Жўраев ХV асрда Хуросон
ўлкасини фозил одамлар маконига айлантирган Ҳусайн Бойқаро даврини тадқиқ
этаётгани, Акром Малик эса адолат ва инсонпарварлик ғояларини куйловчи буюк
Навоий меросини ўрганаётгани бежиз эмас. Икки йўл ҳам бир фикрга етаклайди:
янги Ўзбекистон ўзининг буюк гуманистик анъаналарига қайтмоқда!
Адолат — шунчаки
маҳкама залида ўқилган ҳукм эмас. У — устозларнинг хато қилган шогирди ҳимояси
йўлида битган номаси. У — олимнинг асл маслаги, илм йўлига қайтиш аҳди. У —
давлат раҳбарининг “Сенинг қадринг ҳар нарсадан улуғ” дея ўз фуқаросини қаноти
остига олиши. Улуғ Навоий айтганидек, адолат ила обод олам фақат шу одамлар ва
шу тизим орқали барпо этилади. Не бахтки, биз ана шу йўлдамиз. Бу йўлдан
қайтмасликка умид ва ишончимиз ҳамиша пойдор бўлгай!
Олимжон ДАВЛАТОВ,
Ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар
институти
директори, профессор