Мазкур мурожаат Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилди. Аниқланишича, фуқаро М.Р.га 2009 йил 27 февралдаги №1467-сон билан қайд этилган уй-жой ҳадя шартномасига асосан тегишли бўлган, умумий майдони 1838.00 кв.м.дан иборат Юнусобод тумани, Сохибкор 7-берк кўчаси, 14-уй Бўзсув бўйи канали санитар муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги учун уй-жойнинг бир қисми туман ҳокимияти ва мутасадди бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан бузиб ташланган.

2018 йил июнь ойида Тошкент шаҳар Юнусобод туман ҳокимияти томонидан фуқаро М.Р.нинг мулкка эга бўлиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилиб, қонун талабларига зид равишда уй эгаси огоҳлантирилмай уй-жойнинг бир қисми, яъни 1458 кв.м дан иборат эгалик ҳуқуқи белгиланган, кадастр ҳужжатлари мавжуд булган бино-иншоотлари бузиб ташланиб, жиддий зарар етказилган.

Бино-иншоотлар ва қурилмалар ҳокимият мансабдор шахслари томонидан 2018 йил июнь ойида бузиб ташланган бўлсада, 2018 йил 25 июлда Юнусобод туман ҳокимияти томонидан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига жавобгар М.Р.га нисбатан қурилган қурилмаларни бузиш ҳисобига ер майдонини аввалги ҳолатига келтириш тўғрисида даъво ариза киритилган ва 1458 кв.м. ер майдонида жойлашган мулк ҳуқуқи мавжуд бўлган қурилмаларни қонуний эканлигини исботловчи мулк эгаси М.Р. томонидан тақдим этилган Олий суд раёсатининг қарори ва бошқа ҳужжатларни суддан яширган ҳолда даъво аризани сиртдан қаноатлантиришга эришилган.

Фуқаро М.Р.нинг 2018 йил 03 августдаги қурилмани бузиш ҳақида сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг
2018 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Юнусобод туман хокимиятининг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ рад қилинган. Яъни, Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2018 йил 25 июлдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилинган.

Аммо, туман ҳокимияти томонидан уй-жойнинг бир қисми асоссиз ғайриқонуний равишда ўзбошимчалик билан бузиб ташланган. Юқоридаги ҳолат бўйича ариза муаллифига етказилган зарар миқдори  “HISOB & Baholash” масъулияти чекланган жамият мутахассисларининг            2018 йил 21 июль ҳолатига берган хулосасига кўра, жуда кўп миқдорда - 560 498 874 (беш юз олтмиш миллион тўрт юз тўқсон саккиз минг саккиз юз етмиш тўрт) сўм моддий зарар етказилган деб топилган. Фуқаро М.Р. томонидан бу масалада Юнусобод туман ҳокимиятига бир неча маротаба мурожаат этишига қарамай етказилган 560 498 874  сўм зарарни тўлаб бериш чоралари кўрилмаган.

 Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Юқоридагиларга кўра, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига киритилган даъво аризага кўра, суднинг 2021 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, Юнусобод туман ҳокимиятидан фуқаро М.Р. фойдасига етказилган жами 650 310 000 сўм моддий ва 1 500 000 сўм маънавий зарар суммаси ундирилди.

Мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва уни поймол этишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга чек қўйилади.

Адлия вазирлиги

жамоатчилик билан алоқалар бўлими