Италиянинг Сардиния оролидаги Болотан тоғ қишлоғи олимларга узоқ умр кўриш сирларини очиш учун ноёб имконият бериши мумкин. “Frontiers in Aging” журналида мақоласи чоп этилган тадқиқотчилар ушбу қишлоқиа 70 ёшгача яшаган аёлларнинг 100 ёшгача яшаш эҳтимоли АҚШдаги аёлларга қараганда деярли уч баравар юқори эканлигини аниқлади.
Олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, бу манзилгоҳ янги “мовий ҳудуд” бўлиши мумкин, яъни одамлар ғайритабиий узоқ яшайдиган ҳудуд. Бошқа “мовий зоналар” қаторига, масалан, Япониянинг Окинава ороли ва Коста-Рикадаги Никоя ярим ороли ҳам киради, дея хабар берди vokrugsveta.ru.
Дастлаб, олимларнинг эътиборини Болотанга бу манзилгоҳда узоқ умр кўрувчиларнинг ғайриоддий юқори концентрацияси, яъни маълум бир жойда тўпланиши тортди. Маълумоталарга кўра, 2024 йилда 2300 га яқин аҳолиси бўлган ушбу қишлоқда 100 ва ундан катта ёшдаги олти киши яшаган. Аҳолининг ҳар бир бирлигига тўғри келадиган узоқ умр кўрувчиларнинг тарқалиш кўрсаткичи АҚШга қараганда тахминан 11 баравар юқори.
Тадқиқот давомида олимлар қишлоқ аҳолисининг юз йилдан ортиқ давом этган демографик маълумотларини таҳлил қилди. Болотананинг яна ўзига хослиги шундаки, унда одамларнинг туғилган ва вафот этган саналарини аниқ белгилаш имконини берувчи ниҳоятда батафсил тарихий ёзувлар мавжуд. Бу ерда муниципал ва черков ёзувлари асрлар давомида олиб борилади, бу эса тадқиқотчиларга аҳолининг ёшини мустақил равишда текшириш имконини берди.
Натижада Болотанда 1900 йилдан 1925 йилгача туғилган 3060 киши орасида 38 нафар узоқ умр кўрувчи аниқланди.
Олимлар ўз таҳлилларида қуйидаги иккита асосий кўрсаткични баҳолади:
70 ёшга етганда кутилаётган умр кўриш давомийлиги
70 ёшгача яшаган одамнинг 100 ёшгача яшаш эҳтимоли.
Гарчи оролда илгари аниқланган “мовий зона” эркакларнинг ғайриоддий юқори умр кўриш давомийлиги билан машҳур бўлса-да, Болотанда бошқа гуруҳ: аёллар биринчи ўринга чиқди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу қишлоқда аёлларнинг 13,8 фоизи 100 ёшгача яшайди, Италиянинг қолган қисмида эса бу кўрсаткич тахминан 3,5 фоизни ташкил этади.
70 ёшга етган маҳаллий аёлларнинг кутилаётган кейинги умр кўриш давомийлиги деярли 21 йилни ташкил этади. Узоқ умр кўриш бўйича жаҳон рейтингида Болотан аёллари 70 ёшдан кейин кутилаётган умр кўриш давомийлиги ва 100 ёшгача яшаш эҳтимоли бўйича фақат Гонконг аёлларидан кейин туради.
Нега Болотандаги аёллар бунчалик узоқ умр кўришади?
Шундай қилиб, Болотанда дунёдаги энг узоқ умр кўрувчи аёллар популяцияларидан бири мавжуд ва бунда овқатланиш, жисмоний фаоллик, ижтимоий алоқалар, оилани қўллаб-қувватлаш ва генетика каби омиллар ўз ролини ўйнаши мумкин, деб тахмин қилди олимлар.
Шундай қилиб, маҳаллий аҳоли нотекис жойларда пиёда сайр қилиш учун қулай шароитларда яшайди, чунки қишлоқ тоғларда жойлашган. Одамлар асосан автомобилда эмас, балки пиёда ҳаракатланади. Маҳсулотларнинг катта қисми шу ернинг ўзида етиштирилади, хусусан, фойдали ёғларга бой зайтун мойи ишлаб чиқарилади. Оилалар кўпинча ёнма-ён яшайди, ижтимоий яккаланиш эса кам учрайдиган ҳодиса. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Болотанда одамлар бир-бирига ғамхўрлик қиладиган жипслашган жамоа шаклланган.