Бугунги кунда давлат органлари ва бошқа масъул идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг самарали ташкил этилиши мамлакатимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўлақонли акс этишида муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлигига мазкур йўналишда қатор қўшимча вазифалар юклатилди.
Фармонга асосан адлия органлари эндиликда давлат органлари ва ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш фаолияти билан шуғулланади.
Бу жараёнда масъул ижрочиларга янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар мазмун-моҳияти, шунингдек, уларга юклатилган вазифалар, ушбу вазифаларни бажариш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тартибларини тушунтиради ҳамда уларга методик жиҳатдан кўмаклашади.
Муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар инфографика, слайд, таҳлилий материаллар ёки видеодарслар билан биргаликда “пакет” тамойили асосида етказилади.
Бевосита жойларда ҳудудий адлия органлари иштирокида ҳафтанинг бир кунида, давомийлиги бир соатдан ошмаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар мазмун-моҳиятини масъул ижрочиларга тушунтириш бўйича, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали мулоқотлар ташкил этиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, Фармон қабул қилинганлигига эндигина бир ярим ойдан ошган бўлишига қарамасдан, адлия органлари томонидан бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини ҳар бир раҳбар ва ходим чуқур ўрганишини ташкил этиш учун жорий йилнинг март ойида жойларда адлия вазири ўринбосарлари ҳокимлар, давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари масъул раҳбар ва ходимлари учун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини “вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида ташкил этиш борасида ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
Ушбу ўқув-амалий тадбирларда ташкилотлар масъул раҳбар ва ходимларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари билан ишлашда дастуруламал сифатида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини ташкил этишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳуқуқий-услубий қўлланма тайёрланди ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотларга амалиётда қўллаш ва фойдаланиш учун юборилди.
Бу борадаги ишларнинг изчил давом эттириш мақсадида адлия вазирининг “Давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш, ижро назоратини кучайтириш ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини янада ошириш юзасидан манзилли ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва тўлиқ, сифатли ижро этилишига кўмаклашиш мақсадида адлия вазири ўринбосарлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ижро интизомига масъул бўлган ходимлари иштирокида вазирлик ва идораларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида Режа-график асосида амалий учрашувлар ва видеоконференцалоқа орқали мулоқотлар ташкил қилинди. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг иккитадан олис туманларида ҳамда маҳаллаларида жойига чиққан ҳолда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни рўйхатга олишдан бошлаб, уларнинг ижро механизмларини белгилаш ва ижрога қаратиш, ижросини таъминлаб, ахборот киритишга қадар бўлган жараёнлари изчиллик билан содда ва халқчил тилда тушунтириб берилмоқда. Ижро назоратини кучайтириш ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини ва шахсий жавобгарлигини янада ошириш бўйича зарур тавсиялар бериш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг “республика – вилоят – туман – маҳалла” тамойили асосида ташкил этилиши ҳамда ижро этилиши механизмлари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб мониторинг қилинмоқда. Шу билан бирга, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари олдига аниқ масалаларни қўйиш ҳамда натижаси бўйича асослантирилган таклифлар киритиш белгиланган.
Қайд этиш жоизки, бундай амалий учрашувларнинг дастлабкиси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этилди. Унда, аввало, юқорида келтирилган Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, хусусан, Президент ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир фаолияти таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳақида фикр алмашилди. Мазкур вазирлик томонидан Президент ҳужжатларидаги қарийб 4,5 минг топшириқнинг ижро этилганлик ҳолати, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Амалий учрашув якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш ва назоратини олиб боришни янада яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундай учрашувлар ҳозирда бошқа вазирлик ва идоралар билан, шунингдек бевосита жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ташкил этилмоқда. Уларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилмаслигининг туб сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш асосий мавзу сифатида қаралмоқда.
Хожиакбар БОБОЖОНОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими