Маълумот учун: Ҳакамлик судининг доимий палатаси 1899 йилда биринчи Гаага тинчлик конференцияси қарори билан ташкил этилган. Палата кўриб чиқиш учун давлатлараро низолар бўйича ҳамда хусусий ташкилотларнинг халқаро характердаги даъволарини қабул қилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ҲСДП ўртасида халқаро хусусий ҳуқуқни ривожлантириш, замонавий стандартларга мувофиқ юридик кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон адлия вазири Р.Давлетов Палата раҳбариятига 2022—2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, норма ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, фуқароларга юқори сифатли юридик хизматлар кўрсатишда Адлия вазирлигининг фаолияти ва роли ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, 2021 йилда қабул қилинган «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун ҳакамлик муҳокамаси самарадорлигини ошириш ва хорижий инвесторларнинг ишончини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Хьюго Сиблез Ўзбекистон раҳбарияти фуқаролар ва бизнес вакилларининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўраётганини таъкидлади. Ҳакамлик судининг доимий палатаси бош котиби ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва юқорида таъкидлаб ўтилган устувор вазифаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, турли ҳакамлик низолари юзага келган тақдирда ҳакамлик судлари институтларини танлашни янада диверсификация қилишни таъминлайдиган 1907 йилдаги Халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Гаага конвенциясида Ўзбекистоннинг иштирок этиш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув сўнггида томонлар халқаро хусусий ҳуқуқни унификация қилиш механизмлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Палата экспертларини жалб қилган ҳолда қўшма тадқиқотларни ташкил этиш Ўзбекистонда халқаро хусусий ҳуқуқ доирасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 30 майдан 2 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Гаага шаҳрида (Нидерландия) бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон одил судлов форумида (WJF) иштирок этяпти.

Бутунжаҳон одил судлов форуми (WJF) ҳар икки йилда давлат ва хусусий сектор раҳбарларини қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида бирлаштирадиган глобал тадбирдир.