Учрашувда адлия вазири Руслабек Давлетов ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида жалб қилинган “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти катта директори – Ц. Кордова, иктисодий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси – Ж. Армандо, ахборот коммуникациялари бўйича маслаҳатчиси – С. Гафтон иштирок этишди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ) тизимига оид ислоҳотлар, дастлабки натижалар ва ушбу соҳада истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Ц. Кордова ТСТБ институтнинг мамлакат ривожидаги ўрни, хорижий мамлакатлар амалиёти, сифатсиз ва самарасиз қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг қабул қилинишини салбий оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Экспертлар Ўзбекистонда ТСТБ тизими, механизми ва баҳолашдан ўтказиш методлари илғор ҳалқаро тажриба асосида ишлаб чиқилганлигини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур соҳага оид махсус қарори қабул қилинганлигини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталининг (regulation.gov.uz) ТСТБдаги ўрни ва роли муҳимлигини таъкидлаб ўтишди.
Учрашув якунида адлия вазири ҳамда Доктор Кордова ўртасида тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан келгуси ҳамкорликни давом эттириш ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида келишиб олинди, дея хабар беради Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Маълумот учун: “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти 1985 йилдан буён давлат бошқаруви ва тартибга солишдаги муаммоларни ҳал этиш ҳамда самарали бошқарув ислоҳотини амалга ошириш бўйича 100 дан ортиқ давлатларга кўмак берган.