Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги "Нурли Замин" МФЙ ва "Гулистон" МФЙ ҳудудида болалар ва спорт (street working) майдончалари қуриб берилди. Тошкент вилоятида вазирлик раҳбарияти ва ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида ушбу маҳалла аҳолисидан болалар бўш вақтини унумли ўтказиши учун майдонча кераклиги ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Фуқароларнинг фикри тингланди ва мавжуд имкониятлар ўрганилиб, Адлия вазирлиги ушбу хайрли ташаббусни амалга оширди, деб хабар беради вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими. 

— Маҳалламиз аҳолиси, айниқса, аёллар, шу масала бўйича бер неча марта ҳокимликка мурожаат қилган, аммо натижа  бўлмаган, — дейди “Нурли Замин” МФЙ раиси ўринбосари Гулнора Саидохунова. — Бугун маҳалламизда байрам. Тақир ер ўрнига шинам ва замонавий болалар майдончаси қад ростлади. Барча аҳоли, айниқса, оналар ва болалар жуда хурсанд. Бу мустақилликнинг 30 йиллигига маҳалламиз учун ўзига хос совға бўлди.

Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. Бу йўналишда манзилли, ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги — “Темир дафтар”, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ҳаётга татбиқ этилди.

Мисол учун, Ўртасарой қишлоғидаги “Нурли Замин” МФЙ ҳудудида 4,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ундан 44 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га, 68 хотин-қизлар “Аёллар дафтарига” киритилган. Уларга қулайлик яратиш ҳамда ижтимоий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр давлат хизматлари ҳам ташкил этилди. Ушбу хайрия тадбири давомида аҳолига керакли хизматларни туман маркази ёки шаҳарга бориб эмас, ўз қишлоғи, маҳалласида олишга имкон берилди.

Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аҳоли учун адлия органлари томонидан сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, тегишли чоралар қўлланилди ҳамда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.