АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, АҚШ элчиси ўринбосари Алан Мельцер ва бошқа давлат органлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу танловда иштирок этиш учун 5 та номинация бўйича 1 200 га яқин журналистик материал орасидан танлов шартларига мувофиқ келадиган 750 та ижодий иш саралаб олинди. Бинобарин, 5 та номинация бўйича 15 нафар ижодкорнинг ижодий иши мукофотга лойиқ, деб топилди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти газетада ёритилаётган суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига оид туркум мақолалар учун махсус соврин билан тақдирланди.
Танлов тақдимотини кириш сўзи билан очган Олий суд раиси К.Комилов эътироф этганидек, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган тарихий янгиланиш ва ўзгаришлар мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Олий суд раиси суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро амалий ҳамкорлиги ўта муҳим аҳамияга эга экани, Олий суд раҳбарияти томонидан Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, журналистларга холис ва ҳаққоний ахборот олишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳам қайд этиб ўтилди. Хусусан, Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарор ҳам шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида Олий суд муассислигида чоп этилаётган ҳуқуқий, илмий-амалий нашр — “Одил судлов” — “Правосудие” журнали ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳам муносиб нишонланди.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири