Қонимизда бухорийлар, хоразмийлар, берунийлар қони бор. Кечагина шахматдаги ғалабаси билан дунё эътиборини Ўзбекистонга қаратган Жавоҳирнинг онасига бутун мамлакатимиз оналарининг ҳаваси келаётгани рост.

Қадимий маданият ҳамда цивилизация бешикларидан бири Қашқадарё заминидаги тоғ ва дарёлар, обод шаҳар ва қишлоқлар, кундан кун чирой очаётган файзли масканларни кўриб, кўзингиз яйрайди.

Абу Туроб Нахшабий, Нажмиддин Насафий, Сайидо Насафий, Абу Муҳаммад Кеший каби мутафаккирлар номини воҳа одамлари фахр билан эслашади.

Эл дардига дармон бўлмоқ буюк ва савобли вазифадир деган ғояни ҳаётий дастури қилиб олган Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтаётган тадбирларда дунёга шундай шижоатли инсонни берган заминга ҳавасингиз келади.

Юртимизнинг қай гўшасига борманг, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” сатрлари тилимизга келаверади.

Маърифатли аёллар гурунги

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига кўра, янги Ўзбекистон ислоҳотларининг олдинги сафларида бораётган опа-сингилларимиз билан дийдорлашмоқ учун Қашқадарё сари йўл олдик.

Қарши шаҳридаги маданият саройида ўтказилган маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққан вилоят “Бувижонлар мактаби” етакчиси Коммуна Исмоилова бундай дейди:

“Янги Ўзбекистонда инсонни қадрлаш оналарни, аёлларни улуғлашдан бошланади. Аёлнинг оиласи тинч бўлса, кўнгли хотиржам, уйи обод бўлади. Кўп йиллик тажрибага эга опажонларимиз билан маҳаллама маҳалла, уйма-уй юриб, воҳамизда кўп учрайдиган одатлар — қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар, мактаб ёшидан қизларни қариндошларига атаб “бешиккетти” қилиб қўйиш, эрта туғуруқлар борасида тушунтириш бериб боряпмиз. Барака топсин, келинлар ҳам, қайноналар ҳам тўғри тушуняпти.

Таълим-тарбия уйғунлиги — болаларимиз келажаги кафолати. Нимани эксанг, шуни ўрасан дегани болангга берган таълим-тарбиянг қариганингда кўзгу бўлиб, сенга аксингни кўрсатади, деганидир”.

Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропованинг дил изҳорлари ҳақиқий мураббийнинг, доно муаллимнинг ҳикматларига ўхшайди.

“Умрим бўйи халқнинг боласини ўқитдим, таълим бердим. Муаллимлик нони билан болаларимни боқдим.

Таълим сифатини ошириш янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир деб таъкидлайди давлатимиз раҳбари.

Устоз мақомини ошириш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаси эканидан фахрланиб кетаман. Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчиликдир. Боламиз қандай китоб ўқияпти, қандай кино кўряпти, нимага қизиқиши бор — мана шу масалалар фақат муаллимнинг эмас, ота-онанинг ҳам бошини қотириши лозим.

Учинчи Ренессансга йўл мактаб остонасидан бошланади. Мактабда олинган билим тошга ўйилган нақшдек болалар қалбига муҳрланиб қолади. Ҳар бир фарзанд кўнглида Ватан деган муқаддас сўзни, фахрни яратиш, улғайтириш Қашқадарё оналарининг олтин қоидаси бўлиши керак!

Бугун қашқадарёлик оқила, фозила аёллар қаторида юртнинг тинчлигига шукрона айтаман, ислоҳотларнинг нурли самаралари учун дуодаман”.

— Зўравонликка қарши маърифат жамият равнақи гаровидир, — дейди қашқадарёлик сенатор Комила Каромова. — Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган муҳим тарғибот тадбирларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Жиноят пишиб, етилиб, натижага айлангунича қанча тафсилотлар бўлиб ўтади. Маҳаллаларда тушунтириш ишларидаги биринчи вазифамиз ота-оналардан фарзандлар назоратини талаб қилиш бўлади. Ота ўғлининг нима иш қилаётганини, дўстлари кимлигини билмаса, она қизининг дугонаси билан қандай вақт ўтказаётганини, мактаб, техникум, олийгоҳдаги юриш-туришини текширмаса, нима бўлади?

Қонунчиликдаги жавобгарлик болаларимизнинг эсини киритар, лекин ота-она боласининг ижтимоий тармоқлардаги ақлдан оздирар даражадаги ёвузликлар, қилмишларини кўриб катта бўлаётганини билиши керак-ку. Фарзанд тарбиясидаги бефарқлик бутун бир авлодни элу юрт олдида сазойи қилади.

— Санъатга, адабиётга қизиқиши қиз болани миллатпарвар, маърифатпарвар қилиб тарбиялайди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова. — Илгари Қашқадарёнинг қишлоқларидан қўшиқчи ёки шоир чиқса, маҳаллаларда ғалати қараларди. Энди эса бутун қишлоқ бўлиб қўшиқчи қизнинг қўшиқларини бирга куйлашади.

Санъат — кўнгилнинг бебаҳо мулки, инсон ҳаётининг зийнати. Фақат санъат ва спортгина мамлакатни жаҳон саҳнасида кенг тарғиб қила олади. Бир санъаткор сифатида Ўзбекистонда кейинги йилларда санъат ва маданиятни ривожлантириш масалаларини кўз олдимга келтирар эканман, ўзбек миллий мақоми, бахшичилик, миллий рақс, миллий мусиқа санъати, миллий ҳунармандчиликка эътибордан кўнглим тоғдек ўсади. Тинч юртга қўшиқ, байраму тўй ярашади, тинчликка не етсин.

Чироқчи туманидаги 1-умумтаълим мактабига бир қучоқ китоб билан кириб борган Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона директори Умида Тешабоева ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бош­қармаси бошлиғи Зиёда Аминова ўқувчиларга қиз боланинг билими ва саводхонлигида, оилалар фаровонлигида китобнинг ўрни ҳақида гапирди.

Эл ардоқлаган зиёли опаларимизнинг сўзларини тинглар эканман, жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Оналар бутун башариятнинг тарбиячиларидир” деган пурҳикмат сўзлари ёдимга тушди.

Кўкдала ифтихорлари

Кўкдала туманидаги фидойи онахонлар, саришта келинлар ва билимли қизлар билан суҳбатларимиздан сўнг туманнинг таниқли тадбиркор аёллари ҳовлисида бўлдик. Улар қўл ураётган янгиликлар, эл дастурхонига тортиқ қилаётган маҳсулотлар билан қизиқдик.

Кўкдала маҳалласида яшовчи Гулзор ая Шайманова хонадонида учта иссиқхона бор. Онахон турмуш ўртоғи ва беш фарзанди билан қирқ турдан ортиқ гул кўчати, помидор, қовоқ, тарвуз, бодринг, қовун етиштиради. У қишлоқ аёлларидан ўн нафарини иш билан таъминлаган. Ҳар йили хотин-қизлар куни, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари арафасида элликтадан эҳтиёжманд оилага гул, помидор кўчатлари ва ҳадялар тарқатади.

— Ерга яхши қарасанг, сени боқади, — дейди Гулзор ая. — Қанча барвақт деҳқончиликни бошласам, шунча кўп баракали ҳосил оламан. Болаларим, набираларим  қабатимда. Меҳнатнинг ҳалол нони элнинг дуоси билан тотли.

Ферузахон Хуррамова турмуш ўртоғи Холмуроджон билан беш фарзандни катта қилмоқда. Кўкдала пиллакорларининг етакчиси Ферузахон ҳар йили пилла ва пахта етиштириш борасида бошқаларга намуна бўляпти. Наймансарой маҳалласи аҳли фермерлик нонини еб, ҳамиша элу юртнинг хизматига камарбаста бу оилани ҳурмат билан тилга олади. Хонадондаги саришталик, томорқадаги саранжомликни кўриб, воҳанинг энг чеккасидаги Кўкдала туманида ҳалол меҳнати, тарбияли фарзандлари ортидан элдошлари тилига тушаётган оилаларга ҳавасимиз келди.

Қаерда шукроналик, ҳалоллик бор экан, у ерда файзу барака бўлади деб бекорга айтмаган халқимиз.

Шаҳрисабз — ҳунармандлар юрти

Қашқадарё вилояти азалдан уста ҳунармандлар, дўппидўзу каштачилар, сўзана тикиб, матога қайта умр бахш этувчи чеварлар юрти. Шаҳрисабз “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳиби Гулнора Чориева араби гилам, ироқи дўппи, ироқи услубидаги ёстиқ жилди, қуроқ кўрпачалар сингари тикув, тўқув ишларига бош бўлиб, ўзи яшайдиган Уйчилик маҳалласида 50 аёлни иш билан банд қилган. Гулноранинг тавсиясига кўра, опа-сингилларимиз чеварлик ишларини уйда бажариб, маош олади. Шу йўл билан уй-рўзғор ишлари, ёш бола тарбиясига ҳам имкон топади. Унинг сўзларини тинглар экансиз, уйда қизлари, келинлари, қўшнилари, овсинларига ҳунар ўргатиб, оила бюджетига ҳисса қўшаётган ва меҳнатининг самарасидан хурсанд аёлларнинг қўли дард кўрмасин дегингиз келади.

Яна бир уста ҳунарманд Маҳлиё Маннопова бир вақтнинг ўзида 750 аёлни банд қилган. Истаги бор хотин-қизларга дастлаб тикув сирлари ўргатилади. Кейинги босқичда ярим тайёр маҳсулотларни уйма­уй юриб тарқатади. Кўп маҳсулот тайёрлаган ҳунар эгасининг даромади ҳам шунга яраша бўлади. Икки йил олдин уйда ярим тайёр маҳсулот келишини кутиб турган аёллар орасида бугун уста ҳунарманд бўлган, етакчи тадбиркорга айланганлар бор.

Шаҳрисабз шаҳри Ғалаба маҳалласида истиқомат қилувчи Лола Музаффаровани маҳалладошлари “жасорат тимсоли”, деб таърифлайди. Ҳаёт қийинчиликлари олдида бир букилди, лекин қаддини тиклади, куч ва матонатни “Ўзбекистонда ҳар бир инсон эътиборда” деган ғоядан топди. Тўшакда ётганида “мени биров эсламаса керак”, дер эди.

Давлатимиз раҳбарининг эътибори унинг оиласига қадар етиб бориб, ўтган йили дастлаб “Аёллар дафтари”га киритилди ва бепул даволанди, қаддини тиклади. Эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб бериш учун режа қила бошлади. Маҳалла хотин-қизлар фаоли ҳамда ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан субсидия асосида тикув машинаси олди. Бугун унинг хонадони кичик цехга айланган. Аёл бир дақиқа ҳам тиним билмайди. Тикувчилик қилади, матога зеб беради, сумкаларни безаб, келинлар сарпоси учун совғалар тайёрлайди. Ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали буюртма олади, сотувни йўлга қўйган. Атрофида шогирдлари, фарзандлари парвона.

— Менинг ҳаётим катта сабоқ мактаби. Тўшакда ётган аёл бугун тадбиркорга айландим. Бу каби имконият ва имтиёзни яратиб берган Президентимиздан миннатдорман, — дейди Лолахон.

Миришкор тумани Чаманзор маҳалласида яшовчи Ойимхол Аталикова 2023 йилда “Аёллар дафтари”га — тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига киритилган эди. Унга имтиёз асосда 50 миллион сўм кредит ажратилди. 10 та тикув машинаси, зарур ускуналарни харид қилган чевар аёл ва шогирдлари тайёрлаган маҳсулотлар бугун харидоргир. Улар болалар ва аёллар кийим-кечакларини тайёрламоқда, гиламчиликни йўлга қўйган. Муҳими, бир пайтлар ўзи ишсиз бўлган Ойимхол бугун 150 хотин-қизнинг бандлигини таъминлаяпти.

* * *

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан вилоятда опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш, уларни бандлик ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида вилоят ҳокими соврини учун қатор танловлар ташкил этилди. Уй бекалари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш мақсадида “Китобхон уй бекаси”, хонадон томорқаларидан самарали фойдаланиш, юқори даромадли маҳсулот етиштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида “Энг яхши томорқачи оила”, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида “Ҳудудда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда фаол бўлган тадбиркор аёл” тадбирлари шулар жумласидан.

* * *

Ҳа, воҳа аҳли бугун ана шундай бун­ёдкорлик ишқи, меҳнатсеварлик завқи билан яшамоқда, янгиланишларга улуш қўшмоқда. Халқнинг маданий даражаси аёлларига эътиборида кўринади. Адолатли ва шиддатли ислоҳотлар эса ҳар бир аёлнинг юраги орқали ўтади. Воҳада ким билан гаплашманг, гурунг қилманг, бир сўз юрагингизга нурдек оқиб киради. Шук­роналикда гап кўп, шукроналик неъмати, тинчликнинг шукронаси уйимизга барака, умримизга умр, ризқимизга ризқ қўшади. Шукроналикка нима етсин.

 Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон давлат санъат ва

маданият институти профессори,

фалсафа фанлари доктори