Таъкидлаш жоизки, рақамлаштириш жараёни адвокатура соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Жумладан, 2022 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан 2023 йил 1 январдан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишининг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши ва расмийлаштириб борилиши, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “ягона дарча” тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилиши, адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши белгиланди.
Қарор билан Адлия вазирлигининг 2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизимини ишга тушириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
“Юридик ёрдам” ахборот тизими доирасида адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинетини шакллантириш, адвокатнинг шахсий электрон кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади. Шунингдек, адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилади (бундан қонун билан муҳофаза қилинадиган сирни ташкил этувчи ахборотлар мустасно).
Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ҳаракатлари ёки суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида адвокатга электрон хабар бериш имконияти яратилади. Адвокат сўровини электрон юбориш ва адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилиб, адвокатнинг ўз аризасига кўра адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш электрон тарзда адвокат томонидан хабарнома бериш шаклида амалга оширилади.
“Юридик ёрдам” ахборот тизими жорий этилиши муносабати билан давлат ҳисобидан адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз, электрон тартибда тасодифий танлаш йўли билан аниқланади. Адвокатларнинг онлайн малака оширишини ташкил этиш ва малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни электрон шаклда бериш тартиби жорий этилиб, адвокатлик тузилмаларидан статистик маълумотларни анъанавий шаклда йиғиш бекор қилиниб, статистик маълумотлар автоматик равишда умумлаштирилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2023 йил 1 февралдан бошлаб адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган “Электрон адвокатлик ордери”ни бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Ўйлаймизки, мазкур ислоҳотлар орқали жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш тизими тубдан такомиллашади ҳамда мазкур соҳада сансалорлик, бюрократия ҳамда қоғозбозликка чек қўйилади.
Ахрор Эсонбоев,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси