Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси ҳамда эндоскоп орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг экранлардаги тасвири шубҳаларни тасдиқлади. Қутиларда ёввойи ҳайвонлар бор деган тахмин илгари сурилди.
Ҳайвонларга озор бериб қўймаслик ва божхона ходимларининг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропортга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари таклиф этилиб, улар томонидан қутилар очилди.
Натижада, биринчи қути ичида оғзи боғланган 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон болалари борлиги фош бўлди.
Жониворларни олиб ўтишга уринган шахс буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини маълум қилди.
Жониворлар зудлик билан Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди. Дастлаб жониворлар вазни, узунлигига доир маълумотлар қайд этилди. Уларнинг ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолётнинг ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида ва ўта зич жойлашган қутилар ичида келтирилгани сабабли аҳволи қониқарсиз деб баҳоланди. Илонлар ва игуаналардан айримларининг таналари замбуруғлар билан касалланган.
Жониворлар ҳозирда карантинда, мутахассисларнинг доимий назорати ва парвариши остида сақланмоқда.
Мазкур ҳолатда олиб қўйилган ноёб жониворларнинг баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда тахминан 77 миллион сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.