imPACT ваколатхоналари АЭХАга аъзо давлатларга саратонни даволаш соҳасида ўз миллий салоҳиятини баҳолаш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларга самарали жавоб бериш учун эҳтиёжларни ва устувор чора-тадбирларни аниқлашга кўмаклашади.
Асосий миссияга тайёргарлик кўриш учун АЭХА мутахассислари 5-8 октябрь кунлари Ўзбекистонда бўлади. Ташриф доирасида республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг турли бўлинмаларида музокаралар ўтказилади. ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан бўлажак эксперт миссияси масалалари муҳокама қилинади. Ислом тараққиёт банки лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти ва Наманган филиаллари фаолияти билан танишиш ҳам кўзда тутилган, деб хабар беради «Дунё» АА.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси сентябрь ойининг охирида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош конференциясида иштироки доирасида АЭХА бош директори Рафаэль Гросси билан учрашган эди. Учрашувда Ўзбекистон онкологик касалликларни даволаш дастурини ишлаб чиқиш бўйича муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйгани, унинг доирасида АЭХА кўмагида Тошкент, Бухоро ва Наманган шаҳарларидаги клиникаларга замонавий ускуналар етказиб берилгани эътироф этилди. Рафаэль Гросси Агентлик Ислом тараққиёт банки маблағларини республикага жалб этишни режалаштираётгани, бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этган эди.