ХХР оммавий ахборот воситалари мазкур конференция 2018 йил 27 мартда Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик», шунингдек, 2021 йил 15 – 16 июль кунлари бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми бўлганини алоҳида таъкидлаган.
Улар томонидан алоҳида қайд этилганидек, жорий йил 11 июлда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюциянинг бир овоздан қабул қилингани Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ҳамда унинг минтақавий иқтисодий тизимга интеграциялашувига муҳим ҳисса қўшади.
Хитой нашрларининг ёзишича, конференциядан кўзланган асосий мақсад жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга нисбатан умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш, жумладан, унинг янги ҳокимияти билан мулоқот ўрнатиш, афғон халқига мамлакатнинг низодан кейинги ривожланиши, мустақил ва барқарор давлат қуришига кўмаклашишдан иборат.
Президент Шавкат Мирзиёев конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистон ҳукуматини жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларига риоя қилишга, терроризмнинг барча кўринишларига самарали қарши курашиш бўйича биргаликда қатъий чоралар кўришга даъват этди.
«Бундай ёндашув Муваққат ҳукуматга бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён-атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболлар очади», дея Ўзбекистон раҳбари мурожаатидан иқтибос келтиради Хитой ОАВ.
Афғонистон томонидан вакил сифатида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттаки иштирок этгани маълум қилинар экан, у «афғон заминида тинчлик ўрнатилиши нафақат Афғонистонни, балки минтақа ва халқаро ҳамжамият хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланишини» таъкидлагани ҳам хитойлик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган, деб хабар беради «Дунё» АА.